“Маърифат карвони”нинг навбатдаги манзили Олмалиқ шаҳри


"Маърифат карвони" лойиҳаси мамлакатимиз бўйлаб маънавий-маърифий тарғибот ишларини кенг ёйиш, аҳолининг турли қатламлари билан бевосита мулоқотга киришиш, айниқса, ёшлар онгида миллий ғурур, тарихий хотира ва замонавий тафаккурни уйғотиш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Мазкур лойиҳа доирасида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия коллежи мажлислар залида “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс пойдевори” мавзусида илмий-маърифий форум бўлиб ўтди. Тадбирда коллежнинг ўқитувчилари, талабалар, ҳудуддаги фаоллар, нуронийлар ҳамда “Маънавият ва маърифат маркази”нинг масъул ходимлари иштирок этдилар.



Форум давомида иштирокчиларга мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Маърузачилар ушбу Марказнинг нафақат меъморий жозибадорлиги, балки унинг илмий-маърифий салоҳияти, келажакда дунё миқёсида ислом оламининг илмий марказларидан бирига айланиши кутилаётгани ҳақида фикр билдирдилар. Хусусан, марказ бино лойиҳасининг ғоявий асослари, қурилиш ишлари жараёнида қўлланилаётган замонавий технологиялар, меъморий услубларнинг тарихийлик билан уйғунлиги ҳақида муҳим маълумотлар берилди.

 

 

Шунингдек, форум иштирокчилари қурилиш жараёнида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари, қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш, диний-фалсафий меросни ўрганиш ва уни ёшларга етказиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар билан таништирилди. Марказ вакиллари томонидан берилган тақдимотлар орқали юртимизда тарихий хотирани тиклаш, маърифатпарварлик ғояларини кенг ёйиш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги амалий ишлар ёритиб берилди.

 

Форум якунида талабалар ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилдилар, очиқ мулоқот тарзида кечган баҳс-мунозараларда ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Ушбу мулоқотлар, албатта, ёшлар қалбида ватанпарварлик, тарихий меросга ҳурмат ва миллий ўзликни англаш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

“Маърифат карвони” лойиҳаси доирасидаги бундай илмий-маърифий форумлар мамлакатимизда янги Ренессанс даври пойдеворини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни чуқур ўрганиш ва оммалаштиришда муҳим ўрин тутмоқда.