Марказий Осиё алломаларининг бой меросини сақловчи ноёб кутубхона

 

   Сиз кўраётганингиз оддий кутубхона эмас — бу илм, тарих, маънавият ва замонавий технологиялар уйғунлашган юксак маскан — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси ҳисобланади!

 

    Марказ контентини бойитиш доирасида 1-босқич  учун танлаб олинган 18 та асосий лойиҳа орқали кутубхона нафақат адабиётларни сақлаш, балки уларни ривожлантириш, рақамлаштириш, тизимли каталоглаштириш ҳамда тил ва минтақалар бўйича илмий тадқиқотларни жамлаш имкониятларига эга бўлади.

 

Мазкур кутубхонасининг бош мақсади:

    —  илмий меросни сақлаш ва келажак авлодга етказиш

    —  ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш

    —  электрон каталогларни шакллантириш

    —  араб, форс, турк, рус ва Европа тилларидаги тадқиқотларни жамлаш

   —  кутубхонани замонавий техника билан жиҳозлаш

  — ва албатта, имконияти чекланган китобхонлар учун тенг шароит яратиш — лойиҳаларнинг асосий йўналишларидир.

 

   Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси — ислом тарихининг, Марказий Осиё алломалари ижоди ва аждодларимизнинг бой меросини сақловчи ноёб кутубхона ҳисобланади.

 

  Кутубхонани жиҳозлаш ва автоматлаштириш, китобларни РФИД технологияси ёрдамида белгилаш, очиқ фондни ташкил этиш ҳамда электрон каталог орқали фойдаланишни таъминлаш ушбу лойиҳанинг замонавий технологик ечимлари қаторига киради.

 

Равшан ҚОДИРОВ, ИЦМ Кутубхона ва архив ҳужжатлар бўлими бошлиғи:

 

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳалари орасида муҳим йўналишлардан бири марказ кутубхонасидир. Кутубхонада ўз концепциясидан келиб чиқиб, фондни шакллантиришда Ўзбекистонда етишиб чиққан олиму уламолар ва улар асос солган илмий-маърифий мактаблар ҳақидаги манбаларни жамлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Ўзбекистон ва хорижда нашр қилинган адабиётлар, қўлёзмалар ҳамда археологик ёдгорликлар билан кутубхона фондини бойитишга қаратилган.

 

    Яна бир муҳим йўналиш кўргазма лойиҳаси бўлиб, “Қоғоз – электрон китоб – сунъий интеллект” номли махсус кўргазма кутубхона фойесида ташкил этилади. Бу ерда китобат тарихининг босқичлари амалий тарзда кўрсатилади: қадимги қўлёзмадан тортиб, сунъий интеллектгача!

 

  Янги хорижий ва миллий нашрлар ҳам кутубхона фондига қўшилиб, замонавий электрон каталогга киритилмоқда. Бу орқали ўқувчи ўзига керакли асарни тез ва осон топа олади.

 

   Араб, форс, турк, рус, ҳатто Европа тилларидаги илмий тадқиқотлар бир марказда жамланиши эса Марказ кутубхонасининг халқаро даражадаги илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

 

    Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси — бу ўтмишдан келажак сари йўл олган маърифат карвони.