Дунё тан олган шарқ юлдузи

 

   

     Минг йиллар олдин, ҳеч қандай телескоп ва смартфонлар йўқ, одамлар осмонни кузатиб, ундаги сирларни тушунишга интиларди. Ана шундай даврда, қадимий Шарқнинг қоятошли, чўл ва водийлари билан тўла ҳудудида ўз замонасининг юлдузи илм-фан тарихига кириб келади. Ой юзасидаги кратерлардан биригаАлфраганусноми берилишибу Шарқ мутафаккирининг жаҳон илмий жамиятида расман тан олинганидан далолат. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида Шарқнинг ана шундай илмий салоҳиятини ифода этувчи лойиҳаларга алоҳида эътибор берилмоқда.

 

  Бугунги замонавий коинот тадқиқотлари, сунъий йўлдошлар, Марсга йўлланаётган космик парвозлар ортида кўп минг йиллар аввал яшаб ижод қилган Аҳмад ал-Фарғонийнинг изланишлари ётади. Унинг кашфиётлари бутун илм-фаннинг асосларини ташкил этади.

 

 

    Унинг ҳаёти нафақат астрономия ва математика тарихида, балки бутун инсониятнинг илмий тафаккурида янги даврни бошлаб берди. Ал-Фарғоний оддий бир шахс эмас, у ўз замонасининг юлдузи, ҳақиқатга интилган, Ер ва осмон орасидаги сирларни очишга бел боғлаган даҳо эди. У юлдузлар, сайёралар, ернинг ўлчамлари ва космик жараёнларни ўрганиб, ўша давр одамларининг дунёқарашини тубдан ўзгартирди.

 

       Астрономияга оид кашфиётлари бугунгача аҳамиятли

 

    Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ал-Касир, яъни Аҳмад ал-Фарғоний, тахминан 798-йилда Фарғона водийсида таваллуд топган. Унинг ҳаёти ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар кўп эмас, лекин унинг илмий мероси, айниқса астрономия соҳасидаги ишлари бугунги кунгача қадрланиб келади. Ал-Фарғоний ўз даврида илм-фан маркази бўлган “Байт ал-Ҳикма” (Донишмандлар уйи)да фаолият юритган.

 

   Ал-Фарғоний ўзининг илмий изланишларида Ер ва осмон ҳақидаги билимларни тизимлаштирди, уларни осон тушунарли қилиб ёзди. У асосан астрономия ва география билан шуғулланган ва айнан шу соҳаларда кўплаб асарлар яратган. Унинг “Астрономия асослари” номли асари — илм-фан тарихида муҳим ўрин тутади. Бу китобда у осмон жисмлари ҳаракати, уларнинг жойлашуви, ер шакли ва ўлчовлари ҳақида содда ва равон тил билан тушунтиради. Бу асар кейинчалик минг йиллар давомида илмий марказларда асосий қўлланма бўлиб хизмат қилган.

 

 

    Нилометр – илм ва амалиёт уйғунлиги намунаси

 

     Аҳмад ал-Фарғонийнинг илмий салоҳияти фақат назарий астрономия билан чекланмаган. У амалий муҳандислик соҳасида ҳам катта муваффақиятларга эришган. 861 йилда у Мисрнинг пойтахти Қоҳира шаҳрида жойлашган Равоза оролидаги машҳур нилометр — “Жиҳоз миқёс ан-Нил”ни таъмирлаб, уни тубдан такомиллаштирди.

 

 

    Бу иншоот деҳқончилик учун ниҳоятда муҳим бўлган. Чунки Нил дарёси суви даражасининг мавсумий ўзгаришлари Миср деҳқончилик тизимининг асосий омилидир. Сув тошқинлари ёки қурғоқчилик хавфини олдиндан аниқлаш орқали экин экиш, ҳосил йиғиш ва озиқ-овқат захираларини режалаштириш мумкин бўлган. Нилометр шунингдек шаҳардаги маъмуриятни ҳам хавфли тошқинлар ҳақида огоҳлантириб турган. Ушбу қурилма ал-Фарғонийнинг муҳандислик билимлари ва амалий тафаккурининг ёрқин намунаси сифатида қадрланади. Аҳамиятлиси шундаки, бу нилометр 1971 йилгача, яъни Асуан тўғони қурилгунига қадар фаолият кўрсатган.

 

     Европа илмий уйғонишининг пойдеворларидан бири

 

    Аҳмад ал-Фарғоний томонидан ёзилган “Астрономия асослари” асари ХII асрда лотин тилига таржима қилинган ва “Элемента Астрономиcа” номи билан танилган. Бу асар кейинчалик Европа олий таълим муассасаларида — университетларда XVII асрга қадар асосий дарслик сифатида фойдаланилган. У сайёралар ҳаракати, юлдузлар позицияси, Ернинг шакли ва катталиги, коинот тузилиши каби фундаментал масалаларни содда ва илмий асосланган шаклда баён этган.

 

   Машҳур Европа олимлари ва адабиёт вакиллари ушбу асар асосида оламшумул кашфиётларини яратган. XV асрнинг машҳур немис олими Региомонтан Италия, хусусан Падуя университетида ал-Фарғоний асари асосида маърузалар ўқиган. Бу ҳолат ал-Фарғоний асари Европа Ренессанси, илм-фан тараққиётининг муҳим манбаларидан бири бўлганини кўрсатади.

   

    Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, XIII асрнинг буюк итальян шоири Данте Алигиери ўзининг “Зиёфат” асарида ал-Фарғоний космографиясидан фойдаланган. Бу Данте асарининг илмий асосга таянганлигини кўрсатади. Шунингдек, машҳур немис адиби Иоганн Фридрих Шиллер ҳам ўз асарларида ал-Фарғонийни ҳурмат билан тилга олган. “Астрономия асослари” асари XVI асрнинг ўзида тўрт марта нашр этилган — бу унинг илмий долзарблиги ва кенг тарқалганидан далолат беради.

 

     Илм-фан тарихидаги юксак эътироф

 

   Аҳмад ал-Фарғоний илмий меросининг глобал миқёсдаги эътирофи фақат ўтмишда эмас, балки бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Ой юзасидаги кратерлардан бирига “Алфраганус” номи берилиши — бу унинг астрономиядаги хизматларининг жаҳон илмий жамиятида расман тан олинганидан далолат беради.

   

    1998 йилда ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги кенг нишонланди. Бу юбилей доирасида халқаро илмий анжуманлар, кўргазмалар ва маданий тадбирлар ташкил этилди. Бундан ташқари, 2007 йилда Миср ҳукумати томонидан Қоҳирада Аҳмад ал-Фарғонийга ҳайкал ўрнатилди — бу унинг илм-фан ва маданият тарихидаги улуғвор ўрнини яна бир бор тасдиқлайди.

 

    Аҳмад ал-Фарғоний ўзининг чуқур илми, назарий билимлари ва амалий ишлари билан инсоният цивилизациясининг илмий асосларини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган. Унинг ишлари нафақат ўз замонасида, балки кейинги минг йилликда ҳам ўз кучини йўқотмаган. Бугунги кунда ҳам ал-Фарғоний асарлари илм-фан ихлосмандлари, тарихчилар ва муҳандислар томонидан ўрганилмоқда. Унинг мероси нафақат тарихий ўтмишимизнинг, балки замонавий тараққиётимизнинг ҳам ажралмас қисмидир.

 

     Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида Шарқнинг ана шундай илмий салоҳиятини ифода этувчи лойиҳаларга алоҳида эътибор берилмоқда.

                                                                                                                                   Ҳусан ТУРСУНОВ

 

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин