Ислом цивилизацияси маркази: Маҳобатли рангтасвирлар орқали тарихга назар
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат меъморий жиҳатдан улкан иншоот, балки юртимизнинг бой маънавий ва илмий меросини, ислом дунёсига қўшган ҳиссасини намоён этувчи марказ ҳисобланади. Бу марказнинг бош кириш қисмида жойлаштириладиган 14 та рангтасвир композицияси унинг мазмунан чуқур, ғоявий жиҳатдан бой эканлигидан далолат беради. Айниқса, улар орасида алоҳида эътиборга лойиқ бўлгани – Мовароуннаҳр заминида юз берган Биринчи Ренессанс даврини тасвирловчи сюжетли асардир. Бу асар халқимиз тарихи ва маънавиятининг энг порлоқ саҳифаларидан бирини ўзида мужассам этган.
Ислом дини кириб келганидан сўнг, жуда қисқа фурсат ичида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудлари илм-фан ва маърифатнинг марказига айланди. IX-XI асрлар оралиғида Бухоро, Самарқанд, Термиз, Насаф каби шаҳарлар дунёдаги энг нуфузли илм марказларидан бири сифатида тан олинди. Бу ерларда етишиб чиққан алломалар нафақат исломий илмларда, балки фалсафа, математика, астрономия, кимё, тиббиёт ва бошқа дунёвий фанларда ҳам улкан ютуқларга эришдилар. Уларнинг асарлари юз йиллар давомида бутун ислом оламида таълим манбаи сифатида ўқилган ва ҳатто Европада Ренессанс жараёнларига илҳом манбаи бўлган.
— Мазкур рангтасвир композициясида айнан шу тарихий даврнинг маънавий муҳити, илмга бўлган эҳтиром ва билим эгаларига кўрсатиладиган ҳурмат, аниқ бадиий ифодалар орқали акс эттирилган. Асарда Имом ал-Бухорий ўзининг “Саҳиҳи Бухорий” асарини ёзиб ўтирган ҳолда, унинг ёнида илм олиш учун келган талабаларни кўриш мумкин. Ҳаким Термизий тасаввуфий мулоҳазаларга чўмган ҳолда тасвирланган. Қаффол Шоший фиқҳ масалалари устида ишлаётган бир паллада, Бурҳониддин Марғиноний машҳур “Ҳидоя” асари устидан фикр юритмоқда. Математика ва алгоритм назарияларини илмий асослаб берган Муҳаммад Хоразмий ғоят зеҳн билан ҳисоб-китоблар юритмоқда. Абу Райҳон Беруний географик хариталар чизмоқда, Абу Наср Форобий мусиқа назарияси ва фалсафа қоидаларини тушунтирмоқда. Энг муҳими, тиббиёт фанини мукаммаллик даражасига олиб чиққан Ибн Синонинг табобат устидаги машғулотлари, инсон анатомиясига оид чизмалари ҳам бадиий тилак билан тўлиқ тасвирланган, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров.
Ушбу композиция Хитойдаги махсус устахоналарда микромозаика технологияси асосида тайёрланаётган бўлиб, у 8 метр баландлик ва 4 метр кенгликдаги улкан асардир. Асарда 100 дан ортиқ турли рангдаги тошлардан фойдаланилади бу эса ҳар бир деталнинг юксак аниқлик ва зичлик билан яратилишига хизмат қилади. Бу мозаикада миллий миниатюра санъати услуби, классик шарқ рассомчилиги анъаналари ҳам самарали қўлланилган. Асарнинг юқори қисмида Қуръони каримнинг Зумар сурасидаги «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» ояти келтирилган бўлиб, бу сўзлар бутун композициянинг ғоявий асосини ташкил этади. Бу орқали асар нафақат тарихий хотира, балки маънавий-маърифий тарбия вазифасини ҳам бажаради.
Бу рангтасвир композициясини ўзига тортадиган яна бир жиҳат шундаки, унда илм-фан ривожига хизмат қилган муҳит — мадрасалар, кутубхоналар ва устоз-шогирд муносабатлари ҳам бадиий образлар орқали жонли тарзда тасвирланган. Илм олишга бўлган иштиёқ, қалам ва қоғозга бўлган эҳтиром, кутубхоналардаги тинч ва фикрга тўла муҳит кўз олдимизда гавдаланади. Шу билан бирга, минтақамизга ислом дини тарқалишининг харитаси ва географик жиҳатлари ҳам символик тарзда акс этган.
Шу жиҳатдан қаралганда, бу асар фақатгина тасвирий санъат намунаси эмас, балки маърифат ва тарих, фалсафа ва бадиий фикр, исломий мерос ва миллий ўзликнинг уйғун ифодасидир. У халқимизнинг ўтмишига бўлган ҳурматни, илм ва маърифатни эъзозлаш анъаналарини яна бир бор намоён этади. Бугунги кунда илму маърифатни тиклаш, ёш авлодни миллий меросимиз асосида тарбиялаш жараёнида бу каби бадиий-тарбиявий асарларнинг аҳамияти жуда катта.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
