Бугунги замонавий илмнинг асоси қаерда?
Бугун ҳар жабҳада “оғиримизни енгил” қилаётган замонавий технологиялар, илмлар, касбларнинг имкониятлари ҳақида жуда кўп эшитяпмиз, кўряпмиз ва ўзимиз ҳам зарур ҳолларда уни ҳаётимизда қўллаяпмиз. Аммо бу замонавийлик, тараққиёт, илм илдизи кўп ҳолларда Ғарбга боғланади. Аслида-чи? Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини илмий-инновацион лойиҳалар билан бойитиш учун бирлашган олимлар тез орада бу саволга аниқ жавоб бера оладиган муҳим далилларни тақдим этишга тайёргарлик кўришмоқда.
Олимлар бугунги замонавий технологиялар, илмларнинг асоси, мақола бошида келтирилган саволнинг жавоби қадимий Бағдодда, Байтул Ҳикма деворлари ичида яширинганини исботлаш ҳаракатида. Тарихнинг гувоҳлик беришича, айнан шу ерда Муҳаммад Хоразмий алгоритмлар асосини яратган, Абу Наср Форобий фалсафа ва мантиқни тизимлаштирган. Ибн Сино тиббиёт ва табиатшуносликда инқилоб ясаган. Ҳунайн ибн Исҳоқ, Яҳё ибн Абу Мансур ва бошқа кўплаб алломалар каби олимлар бу марказда илм-фанни амалда қайта кашф этганлар.
Байтул Ҳикма — илмнинг қадимий, аммо ҳанузгача долзарб юраги ҳисобланади. Бу марказда олимлар нафақат фаолият олиб борган, балки моддий ва маънавий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватланган. Улар асос солган кашфиётлар эса бугунги замонавий касблар, фанлар, соҳалар пойдеворига айланган.
Шу боис Ислом цивилизацияси марказидаги “Биринчи Ренессанс даври” экспозициясида айнан Байтул Ҳикма марказий ўринни эгаллайди.
Бу бўлим орқали ташриф буюрувчилар тарихда тафаккур, илм-фан ва маданиятнинг ривожланиш босқичлари билан яқиндан ва батафсил танишадилар. Экспозиция контентлари Ўзбекистоннинг етук олимлари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, тарихий далиллар асосида тайёрланган. Ушбу лойиҳа дизайни эса Италиянинг таниқли “Magistr ART” компанияси томонидан замонавий ёндашув асосида ишлаб чиқилмоқда.
Илм-фан марказига айланган тарихий макон
Байтул Ҳикма (арабча: “Донишмандлар уйи”) — ўрта асрларда ислом оламида илм-фан тараққиётининг марказига айланган йирик илмий муассаса бўлган. У VIII аср охири ва IX аср бошларида Бағдод шаҳрида Аббосийлар халифалиги даврида барпо этилган бўлиб, халифа Ҳорун ар-Рашид ва айниқса унинг ўғли Маъмун томонидан кенгайтирилиб, расмий илмий институт даражасига кўтарилган.
Бу маскан нафақат кутубхона, балки таржима маркази, илмий изланишлар ва мунозаралар майдони, ўша даврда мавжуд бўлган энг илғор тафаккур ва техник билимларнинг жамланма манбаи сифатида фаолият кўрсатган. Юнон, ҳинд, форс ва сурёний тилларидаги илмий асарлар араб тилига айнан шу ерда таржима қилиниб, илм-фан глобал юксалган.
Байтул Ҳикма қандай ишлаган?
Байтул Ҳикма илмий муҳитни қўллаб-қувватлаган ноёб модел эди. Унда математиклар, астрономлар, табиблар, файласуфлар, таржимонлар ва бошқа мутахассислар ишлаган. Улар маош олган, илмий фаолияти учун моддий ва маънавий рағбатлантирилган. Таржима фаолияти билан машҳур бўлган Ҳунайн ибн Исҳоқ, Муҳаммад Хоразмий, Киндий каби буюк олимлар айнан шу муассасада фаолият юритган.
Байтул Ҳикма математикада алгебра ва алгоритм асосларини, тиббиётда эса анъанавий юнон ва ҳинд тиббий билимларини ислом илм-фани асосларига уйғунлаштирган. Астрономик кузатувлар учун алоҳида асбоб-ускуналар ишланган, илмий экспериментлар ўтказилган.
Илк глобал илмий институт
Байтул Ҳикма нафақат ислом оламида, балки бутун дунё илм-фани ривожига катта таъсир кўрсатди. Унинг фаолияти туфайли қадимги Шарқ ва Ғарб илми ўзаро яқинлашди. Бу марказда тўпланган билимлар кейинчалик Европада Уйғониш даврининг шаклланишига асос бўлди. Кўплаб манбалар Байтул Ҳикмани илк глобал илмий институт деб баҳолайди. Унинг модели замонавий университетлар ва илмий марказлар ривожланишида бевосита таъсир кўрсатган.
Билим ва кашфиётлар тақдимоти
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Биринчи Ренессанс даври”да Байтул Ҳикма тарихий асослар билан замонавий ёндашувлар билан яратилаётган капсулаларда тақдим этилиши кутиляпти.
Капсулада Байтул Ҳикмага оид:
- Тарихий хариталар;
- Ноёб қўлёзмалар нусхалари;
- Машҳур олимлар фаолиятини акс эттирувчи интерактив стендлар;
- Визуал реконструкция ва рақамли анимациялар
орқали ташриф буюрувчига ушбу илм-фан марказининг асл моҳияти етказилади. Виртуал муҳитда Байтул Ҳикманинг ички кўриниши, олимларнинг фаолияти ва илмий жараёнлар жонлантирилади.
Байтул Ҳикмага бағишланган мазкур капсула — бу шунчаки тарихий фактлар тўплами эмас. Бу — тафаккур тарихи, илмий мулоқот ва билимлар алмашинуви орқали шаклланган цивилизациявий юксалиш манзарасидир. Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган “Биринчи Ренессанс даври” экспозицияси доирасида сиз қадимги дунё илм-фанининг қандай қилиб ягона марказга жам бўлганини, олимларнинг ўзаро ҳамкорликда қандай кашфиётлар яратганини чуқур англайсиз. Экспозиция орқали сиз илмий тафаккурнинг шаклланиш жараёнини кузатасиз, Байтул Ҳикманинг бугунги технологиялар замирида қандай ўрин тутганига гувоҳ бўласиз. Бир сўз билан айтганда — бу билим ва кашфиётлар билан тўлган тарихий саҳифаларга қайта саёҳат ва келажак тараққиётига замин бўлган илмий меросга яқиндан назар солишдир.
Ҳусан Турсунов
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
