Имом Бухорий мажмуасининг мустақилликкача бўлган кўриниши макети яратилади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Туркиянинг “Outdor Factory” компанияси ҳамда тегишли ташкилотлар иштирокида музей экспозицияси учун тайёрланаётган медиа маҳсулотлар концепцияси, макетлар ва уларнинг ўлчамлари муҳокама қилинди.
Йиғилишда иштирок этган мутахассислар Ислом дунёсида улкан обрў-эътиборга эга бўлган муҳаддис, аллома Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли, илм йўлидаги фидокорона меҳнатлари, бой илмий мероси музей экспозицияларида замонавий визуал ва интерактив усуллар орқали қанчалик тўлақонли ва таъсирли акс эттирилиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Умумий мақсад — фақат маълумот бериш эмас, балки ҳар бир меҳмон қалбида маънавий уйғониш, тарихга нисбатан ҳурмат ва қизиқиш уйғотишдир.
Музейда намоён этиладиган макетлар ичида Имом Бухорий мажмуасининг мустақилликкача бўлган ҳолати, Бухоронинг ғурури саналган Калон масжиди ва Ҳадис илми маркази каби тарихий иншоотлар макетлари ҳам бор. Уларнинг ҳар бири аниқ ўлчам ва архитектура асосида яратилади, бунда тарихий ҳақиқат ва бадиий тафсилотлар уйғунлиги таъминланади.
Шунингдек, Малайзиядаги музейда сақланаётган махсус макет асосида Ислом цивилизацияси маркази учун ҳам ўхшаш нусха тайёрланиши белгиланди. Бу нафақат марказнинг халқаро нуфузини оширади, балки мусулмон дунёсидаги маданий боғлиқликни янада мустаҳкамлайди.
Йиғилиш давомида музейдаги экспонатлар, муляжлар, қўлёзма намуналари ва бошқа артефактларни тайёрлаш, уларнинг мазмунан бой ва шаклан замонавий бўлиши, илмий ва маданий аҳамиятини тўлиқ ифодалаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ислом цивилизацияси маркази фақат экспонатлар жамланмаси эмас, балки инсонни фикрланишга, эзгулик ва илм сари интилишга илҳомлантирадиган маънавий маскан сифатида юзага чиқиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган мазкур марказнинг очилиш маросимига тобора оз қолаётгани ва барча ишларга ўз вақтида улгуриш, экспозицияни ташкиллаштиришдаги бошқа бир қатор масалалар ҳам муҳокама марказида бўлди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
