Лойиҳаларнинг ижроси ва халқаро форум муҳокамада
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази махсус штабида экспозицияни бойитиш мақсадида ишлаб чиқилган илмий-инновацион лойиҳаларнинг амалий ижроси яна бир бор таҳлил қилинди. Ҳисобот онлари яқинлашаётгани сабаб махсус штабда муҳокамалар ва ишлар сарҳисоби янада жадаллашган.
Экспозицияни шакллантириш бўйича ишчи гуруҳнинг бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида марказнинг илмий ходимлари, музейшунослар, рассомлар, дизайнерлар, мултимедиа мутахассислари ва бошқа соҳа вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда экспозициянинг биринчи тоифа босқичи, нодир қўлёзмалар, археологик артефактлар ва асл асарлар билан боғлиқ ишлар юзасидан амалга оширилган дастлабки натижалар муҳокама қилинди. Шунингдек, иккинчи тоифага мансуб экспонатлар, муляжлар, макетлар, 3D технологиялар, аудиовизуал ускуналар ва бошқа замонавий кўргазма воситалар бўйича илмий-методик ва дизайн талаблари белгилаб олинди.
Марказнинг Илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулнора Ғаниеванинг қайд этишича, ушбу илмий инновацион лойиҳалар асосидаги экспозицияни яратишда нафақат тарихий ҳақиқатни тўғри акс эттириш, балки ёш авлод учун замонавий, қизиқарли ва таъсирли усуллардан фойдаланиш ҳам мақсад қилинган.
“Ислом цивилизацияси илм-фан, маданият ва маърифатда эришган улкан ютуқлар босқичма босқич ҳар бир ташриф буюрувчи учун чуқур ҳис этиладиган даражада намоён этилади”,— дейди Гулнора Ғаниева.
Муҳокамада, шунингдек, Марказ расмий очилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро форум ҳақида ҳам сўз юритилди. Унда форум мавзулари, иштирокчилар таркиби, илмий панел сессиялари ва амалий тадбирлар бўйича дастлабки режалар муҳокама қилинди.
Форум орқали ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси халқаро академик жамоатчилик билан баҳам кўрилиши, Ўзбекистоннинг бу борадаги илмий салоҳияти янада намоён бўлиши кутилмоқда.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
