Қоғоз – электрон китоб – сунъий интeллeкт —замонавий кутубхонанинг бош тамойили

 

Тасаввур қилинг: сиз борган кутубхонада қўлёзмаларни планшетда кўрасиз, китоблар овоз билан тингланади, сунъий интеллект эса сиз учун керакли маълумотни бир неча сонияда топиб беради. Бу фантазия эмас — бу Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси, яъни юртимиздаги энг илғор кутубхоналардан бирида яратилиши кутилаётган ҳақиқий имкониятлар.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтда қад ростлаётган мегалойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг кутубхонаси бўлиб, у бир вақтнинг ўзида 200 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатиши кутиляпти. Ва энг муҳими — бу жой барчага очиқ: олимлар, талабалар, мактаб ўқувчилари ва албатта, имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам. Махсус ресурслар — брайл ёзувидаги китоблар, аудиокитоблар, техник воситалар билан бу ерда ҳар ким ўзига керакли билимни топа олади.

 

 

Равшан Қодиров, Марказнинг Кутубхона ва архив ҳужжатлари бўлими бошлиғи:

Бу кутубхонада нафақат китобларни жамлаш, балки ҳар бир фойдаланувчида билимга бўлган иштиёқ ва илҳомни уйғота олиш мақсад қилинган. Айниқса, бу ерда ташкил этилаётган “Қоғоз – электрон китоб – сунъий интеллект” кўргазмаси алоҳида аҳамиятга эга. Унда китобат тарихининг босқичлари жонли тарзда ёритилади. Бу ташаббус китобхонлар онгида ўқиш маданияти ва технологик тараққиёт ўртасидаги узвийликни шакллантиради.

Бу кутубхона — ўтмиш мероси ва келажак технологиясини бир нуқтада туташтирган ноёб макон. Шунчаки кутубхона эмас, балки янги давр тафаккурининг маркази.

 

Мутахассислар фикрича, мазкур кутубхона – илмий меросни тўплаш, сақлаш ва тарғиб этиш борасида ўзига хос замонавий марказга айланади. Қадимий қўлёзмаларни рақамлаштириш, имконияти чекланган фойдаланувчилар учун хизматлар яратиш, кўп тилли илмий тадқиқотларни жамлаш ва янги технологияларни жорий этиш – бу кутубхонанинг белгилаб олинган асосий йўналишларидир.

 

10 000 дан ортиқ қўлёзма ва босма нодир манбалар

 

Ўзбекистоннинг қадимий ва бой тарихий-маданий анъаналарини замонавий илмий тадқиқотлар билан уйғунлаштириш йўлида фаолият олиб боришни мақсад қилган Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси энг муҳим ва замонавий ахборот-кутубхона муассасаларидан бири сифатида шаклланмоқда. Бу борада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ишчи гуруҳлари томонидан маҳаллий ва хорижий соҳа мутахассислари билан бирга илмий салоҳият, рақамлаштириш технологиялари, қўлёзмаларни сақлаш ва уларни жамоатчиликка етказиш борасида кенг кўламли лойиҳалар устида ишлар олиб бориляпти.

 

Лойиҳаларда назарда тутилаётган, кутубхона фондидан ўрин олиши кутилаётган 10 000 дан ортиқ қўлёзма ва босма нодир манбалар халқимизнинг ислом цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини ифодалайди. Ушбу бебаҳо манбаларни рақамлаштириш орқали уларни сақлаб қолиш, уларнинг нусхаларини электрон шаклда оммага тақдим этиш имконияти яратилмоқда. Мазкур жараён:
 

  • нодир асарларнинг асл нусхаларини сақлаб қолиш;
  • илмий-тадқиқотлар учун кенгроқ имкониятлар яратиш;
  • интернет орқали масофавий фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш;
  • асарларни турли тил ва форматларда электрон каталогларга киритиш имконини бермоқда.

Бу йўналишда олиб борилаётган ишларга Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва бошқа илмий марказлар ҳам жалб этилган бўлиб, марказнинг электрон кутубхона базаси шакллантирилмоқда.

 

 

Тадқиқотчилар малака ошириши учун имконият яратилади

Кутубхона қошида ташкил этилган "Қўлёзма манбаларни илмий ўрганиш ва каталоглаштириш" ўқув курслари орқали манбашунослик, кодикология, палеография, библиография каби фанлар кесимида тадқиқот олиб борувчилар малакаларини ошириши мақсад қилинган. Бу йўналиш орқали:

  • қўлёзмаларни илмий жиҳатдан ўрганиш;
  • уларни замонавий каталог тизимларига киритиш;
  • тадқиқотчилар ва талабаларга ўргатиш;
  • академик ҳамкорликни ривожлантириш имконини яратилади.

Шунингдек, "Аждодлар маънавий мероси: китобат санъати" ўқув-амалий машғулотлари орқали қадимий ёзувлар, китоб безаги, муқовалаш санъати каби жиҳатлар чуқур таҳлил этилади.

 

Фондда дунё тилларига алоҳида эътибор

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг замонавий кутубхона фонди араб, форс, турк, рус ва европа тилларида Ўзбекистон тарихига оид илмий изланишлар билан бойитилиши устида ҳам ишлар жадал олиб бориляпти. Бу эса кутубхонанинг халқаро миқёсда тан олинишга, илмий ҳамкорлик доираларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутиляпти. Айниқса, минтақа олимларининг араб тилидаги илмий ишлари, форсий тадқиқотлар, турк тилидаги таҳлилий мақолалар ва европалик олимлар асарлари жамланмоқда.

Бундан ташқари, “Марказий Осиё Россия тадқиқотчилари нигоҳида”, “Европа тилларида Ўзбекистон бўйича тадқиқотлар” каби лойиҳа йўналишлари кутубхона фондининг кенг қамровли халқаро нуфузини таъминлайди.

 

 

Масофавий хизмат ҳам кўрсатилади

Марказнинг Кутубхона ва архив ҳужжатлари бўлими бошлиғи Равшан Қодировнинг қайд этишича, кутубхона хизматлари самарадорлигини ошириш мақсадида қуйидаги технологиялар ва тизимлар жорий этилади:

  • РФИД технологияси (Онлайн идентификация) асосида ресурсларни тезкор қидириш ва назорат қилиш тизими;
  • электрон каталоглар орқали янги хорижий ва миллий нашрларни рўйхатга олиш ва жойлаштириш;
  • масофавий ахборот-кутубхона хизматларини йўлга қўйиш.

Жараёнлардан англаш мумкинми, Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси – бу оддий кутубхона бўлмайди. У – илм, маърифат, миллий ғурур ва тарихий хотиранинг уйғунлашган маскани сифатида замонамизнинг юксак маънавий тимсолига айланади. Бу кутубхона фаолияти орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий ва диний мероси нафақат сақланади, балки ёш авлодлар онгига замонавий воситалар орқали етказилади.

 

Шундай экан, ушбу кутубхонанинг фаолиятини янада кенг оммага таништириш, ёшларни бу билим масканига жалб этиш, илм-фан аҳлининг бу ерда олиб борилаётган тадқиқотлардан самарали фойдаланишини таъминлаш – жамиятимизнинг умумий интеллектуал юксалишида муҳим ўрин тутади.