Буюклар ҳам бола бўлишган

 

    Ақл ёшда эмас, бошда!

    Соҳибқирон Амир Темур болалигидан ўта зеҳнли, фаҳм-фаросатли, доно бола бўлган эканлар. Темурбек етти ёшлигида отаси билан бир қариндошиникига боради. Уй эгаси бадавлат, нуфузли зот бўлиб, фаровон кун кечирар, унинг ўнлаб қуллари бор эди. Ўша киши Соҳибқироннинг отасига шикоят қилади: 


- Худо менга молу давлат берди, лекин уни сақлашга қийналяпман. Қулларим сабрсиз, болаларим эса, ўзбошимча. Нима қилишга ҳайронман!

 

    Бу гапни бир четдан эшитиб турган Темурбек суҳбатга аралашади: 
Амаки, фарзандларингизга мол-мулкингиз ва қулларингизни бўлиб беринг. Ҳар ўн нафар қулга улар орасидан битта ақллироғини раҳбар қилиб тайинланг. Уларни ҳар бирини назоратга олинг. Шунда муаммоларингиз ечим топади!


    Мезбон ёш боланинг зукколигига тан берди ва дарҳол Амир Тарағайга: 


Ақлли гапларидан кўринадики, фарзандинг жаҳонга подшоҳ бўлишга лойиқ, – деди ва зудлик билан қалам ва сиёҳдон келтириб, Темурбек мабодо тахтга ўтирса, унинг фарзандлари, зурриёди ва яқинларидан хирож олмасликни, уларнинг гуноҳларидан ўтишни ёздириб олади.
 

    Вақти келиб, бу йигитча етти иқлим ҳукмдорига –Соҳибқирон Амир Темурга айланади. Шу билан бирга у отасининг дўстига берган ваъдасига содиқ қолади. Унинг барча авлодларини солиқлардан озод қилади. 

 

    Бола Алишердан яширилган китоб

Буюк аждодимиз Мир Алишер Навоий болалик чоғидан китобга қаттиқ меҳр  қўйган. У киши мактабда ўқиб юрган  кезлари  устозлари болаларнинг саводи равон бўлсин деб Саъдийнинг «Гулистон», «Бўстон» сингари  китобларини ўқитар эди. Ўша кезлари бола Алишернинг қўлига буюк форс мутафаккири Фаридуддин Атторниг  «Мантиқ-ут-тайр»(«Қуш нутқи») асари  тушиб  қолади.  Алишер бу асарни  такрор-такрор ўқир, ёш кўнгли ундан баҳра топмоқда эди. Шу тариқа у бошқа асарларга қизиқмай қўйди. Достондаги ажойиб ҳикоятларга ўрганиб қолди. Бола китоб таъсирида ўзини бошқалардан олиб қочадиган, хилватда ўтириб, хаёл сурадиган, тенгдошларига қўшилмайдиган бўлиб қолганди. Ўртоқлари ундаги бу ҳолатни англагач, Алишернинг ота-онасига етказишди. Ота-онаси «бу китоб ўғлимга оғирлик қилган кўринади» дея,  китобни бекитиб қўйишди. Лекин бу чора иш бермайди.  Чунки ўғиллари аллақачон китобни ёд олиб бўлганди. Вақти келиб бу болакай буюк шоир бўлиб етишди.  Бебаҳо асарлар битди. Ниҳоят умрининг сўнгида болалигида уни шайдо қилган асарга жавобан ўзининг ўлмас «Лисонут-тайр» асарини ёзди. 

 

    Ибн Сино бешигининг ёпинчиғи 

 

 Ривоят қилишларича Абу Али ибн Сино ёшлик йиллари илм талабида олис юртларнинг бирига бориб қолибди. Бозорни кезиб юрган чоғида бир кишини учратиб қолади ва унинг ёқасига чанг солади:
- Сен бир пайтлар менинг юртимга бостириб боргансан,  бешигим устидаги ёпинчиқни тортиб олиб, онамни қақшатиб кетгансан. Ҳалиги киши нотаниш йигитнинг бу даъвосидан таажжубланибди ва табиийки айбни тан олмабди. Хуллас, ибнСино ҳалиги кишини қозининг ҳузурига олиб борибди.  Қози уларнингҳар иккисига зимдан назар солиб, уларнинг дардини тинглабди. Ҳалиги одам Ибн Синони биринчи марта учратиб турганини айтибди. 
Аммо, Абу Али ўз фикрида собит туриб олибди: 


- Бу одам ўғри, у бундан ўттиз йил аввал бешикда ётганимда бошимга турган заррин гавҳарпўшимни олиб қочганди. Ўшанда мен олти ойлик гўдак эдим. 

 

    Бу ишни тагига етишга қизиқиб қолган қози дарҳол жавобгарнинг кечмишини ўрганишни буюрибди. Маълум бўлишича, у ростдан ёшлигида аскар бўлиб ёлланган, Бухорога қилинган ҳарбий юришда қатнашган экан. Қаттиқ қистовга олинганидан кейин ҳалиги кимса ҳаммасини тан олибди: 

– Рост, биз шаҳарни эгаллаган пайтимизда, кўпчилик турли хонадонларга кириб, одамларнинг мол-мулкини талашга тушганди. Мен ҳам бир ҳовлига кирдим. Қарасам қўлга илинадиган бирор тайинли нарса йўқ. Айвонда бешик устида заррин гаҳворапўш ташлаб қўйилган экан. Онасининг ҳай-ҳайлашига қарамай, боласининг бешиги устидаги ёпинчиқни олиб, чиқиб кетдим. Аммо бу бола мени таниб қолиши, вақти келиб, ёқамдан тутиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди!..

Ҳа, буюк бобокалонимиз болаликдан ана шундай ўткир хотирага эга бўлган эканлар.