ИЦМ раҳбари АЙСЕСКО форуми меҳмонларини Ислом цивилизацияси маркази очилишига таклиф қилди
Жорий йилнинг 26-27 май кунлари Самарқанд шаҳрида «Ислом дунёсининг маънавий мероси ва маданий ифодалари: хаттотлик, мусиқа, шеърият ва ҳамжиҳатлик» халқаро форуми бўлиб ўтди. Унда Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти – ICESCO (АЙСЕСКО)га аъзо 20 дан ортиқ давлатдан нуфузли меҳмонлар иштирок этди.
2023 йилнинг 25-27 сентябрь кунлари Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Ислом дунёси маданият вазирларининг XII конференциясида 2025 йилда Самарқанд шаҳри “Ислом олами маданият пойтахти” сифатида эълон қилинган эди. Ўтган нуфузли тадбир ҳам ушбу мақом остида бўлиб ўтди.
Форумда иштирок этган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган мегалойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:
— Ислом оламида ўхшаши йўқ мегалойиҳа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контенти устида ишлар қизғин давом этмоқда. Айни пайтда бешта асосий экспозицияни ўз ичига олиши кутилаётган Марказнинг асосий қисмига Ҳазрати Усмон Қуръони ва дунёдаги энг қадимий Қуръон қўлёзмалари жойлаштирилади. Биринчи қаватдан "Исломдан аввалги давр цивилизациялари", Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, "Янги Ўзбекистон - Янги Ренессанс пойдевори" сингари экспозициялар ўрин олади. Шунингдек, Марказимиздан 500 ўринга мўлжалланган конференциялар зали, кутубхона, ўқув аудиториялари ҳам жойлаштирилади. Бинонинг иккинчи қаватида АЙСЕСКО, ЮНЕСКО, ТУРКСОЙ, ИРCИКА сингари халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари учун алоҳида хоналар ажратилади.
Бир неча ойлардан кейин ушбу маҳобатли марказнинг очилиш маросимини ўтказиш кутилмоқда. Очилиш маросими арафасида “Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мулки” мавзусида халқаро глобал кўргазмани ташкил этиш режалаштирилган. Барчангизни жорий йилнинг август ойи охирида бўлиб ўтадиган “Буюк аждодлар мероси – маърифатли келажак асоси” мавзусидаги IХ халқаро конгрессимизга ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимига таклиф этаман!", — деди Фирдавс Абдухолиқов.
IСESCO раҳбари Салим ибн Муҳаммад Ал-Малик бошчилигидаги ҳайъат Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган эди.
Самарқанднинг бу нуфузли мақомга эгалик қилиши мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги ҳамкорликнинг самараси ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистон АЙСЕСКО билан таълим, фан ва маданият соҳаларида изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ислом дунёси маданият вазирлари иштирокида ташкил этилган «Ислом дунёсининг маънавий мероси ва маданий ифодалари: хаттотлик, мусиқа, шеърият ва ҳамжиҳатлик» халқаро форумда тарих, санъат ва маданият каби соҳаларда музокаралар олиб борилди.
АЙСЕСКО ташкилоти 1979 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирда 54 давлат унинг аъзоси ҳисобланади. Ташкилот тарихий ёдгорликларни тиклаш, музейлар, қўлёзмаларни муҳофаза қилиш ва маданий тадбирларни ташкил этишда муҳим роль ўйнайди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
