Берунийнинг ақл машъали

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Бу мажмуа тарихимизда илгари бўлмаган улкан ва ноёб лойиҳадир. Бугунги кунда муҳташам бино қад ростлаб, қурилиш якуний босқичга кирган. Бунда илмий ва инновацион ёндашувлар асосида марказ контентини бойитиш учун икки мингга яқин маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар, дизайнерлар иш олиб боришмоқда. Марказий Осиёдаги цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар концепцияси бўйича турли (муляжлар, макетлар, факсимиле, илмий-инновацион медиа лойиҳалар) кўринишдаги контентлар тайёрланмоқда. Айнан шахслар йўналишида тайёрланаётган контентларда глобусни яратган Абу Райҳон Беруний, нилометрни яратган Аҳмад Фарғоний каби шарқ алломаларининг кашфиётларини ўз ичига қамраб олган. Масалан, жаҳон илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Абу Райҳон Берунийга бағишланган экспозициядан унинг қўлёзмалари, аллома томонидан яратилган глобус макети, ҳаёти ва фаолияти ҳақида чоп этилган илмий нашрлар, мультимедиа материаллари ҳам ўрин олмоқда.

 

Абу Райҳон Беруний Шарқнинг уйғониш асри деб аталмиш даврнинг энг машҳур алломаларидан биридир. У география, математика, астрономия, минерология, геодезия, филология ва бошқа фанларга оид кўплаб  асарлар, рисолалар муаллифидир. Беруний ўз даврида биринчи бўлиб, ер шарсимон эканлиги ва қуёш атрофида айланиши ҳақидаги фикрни олға сурган ва ер радиусининг узунлигини (тахминан 6000 км) деб ҳисоблаган.

 

Абу Райҳон Беруний учун фанлар ўртасида чегара бўлмаган. Аллома ўз қўлёзмаларида нафақат ҳодисаларни тасвирлашга, балки, аввало таққослаш ва ўзаро боғлиқликларни топишга ҳаракат қилган. Фаннинг бу йўналишидаги фаолияти ниҳоятда муваффақиятли бўлган.

 

“Ҳиндистон” – Берунийнинг шоҳ асарларидан бири. Бу асарнинг тўлиқ номи “Китобу фи таҳқиқи мо лил ҳинд мин маъқулатин мақбулатин фил ақли ав марзулатин” (“Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби”) дея номланади. Ушбу асарда аллома Ернинг ҳаракатланиши ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини баён этади. Айнан, шу изланишлари давомида Беруний Христофор Колумб Американи кашф этишидан 500 йил илгари денгиз саёҳатига чиқмасдан туриб, Шимолий ва Жанубий Америка материкларининг мавжудлигини аниқлаб берган. Тадқиқотчи-мутахассисларнинг берган таърифига кўра, ушбу асар ҳинд фани ва маданиятига қўйилган ҳайкал ҳисобланиб, мамлакатнинг қадимий ва ўрта асрлар даврига оид энциклопедиясидир. Беруний айнан “Ҳиндистон” асарини ёзиш мақсадида санскрит тилини мукаммал тарзда ўрганади. Бу эса олимга янгидан-янги изланишларга йўл очиб, Ҳиндистон ҳақида кўплаб маълумотлар ва тарихий билимларни ўзлаштиришига ёрдам беради. Китобда Ҳиндистоннинг табиати, тарихи, географияси, этнографияси, маданияти, фанлари, динлари, урф-одатлари, ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва халқлари ҳақида бир қатор муҳим ҳамда асосли маълумотларни келтириб ўтган. Беруний ўз даврининг астрономиясига катта ўзгаришларни ва янгиликларни олиб кирди. Унинг асарларида ва илмий тадқиқотларида доимо аниқликка эътибор берилгани ҳам кейинги асрларда яратилган астрономик ишларнинг асосини ташкил этиб берган эди. Манбаларда келтирилишича, Беруний 18 ёшидаёқ Хоразмдаги расадхонада мустақил кузатув ишлари билан шуғуллана бошлайди. 22 ёшида эса илк кичик асарларини яратади. У сайёралар ҳолатига қараб, одамларнинг тақдирини айтиб бериш мумкин эмаслигини ва бу ҳақиқатдан йироқ эканлигини кузатувлари натижасида тўлиқ англаган. Шу сабабдан, сайёраларнинг ҳолатига қараб кишиларнинг умрини башорат қилиш нотўғри эканлигини ўзининг “Алдамчилик санъати” яъни “Юлдузлар ҳукмидан огоҳлантириш китоби”да тўла баён этиб берган эди. 

 

Америкалик тарихчи ва журналист, машҳур тадқиқотчи, АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Фредерик Стар қаламига мансуб “Йўқотилган тамаддун” (Lost Enlightenment) номли китобда Ўрта Осиё тарихи ва маданиятининг қадимги даврлардан Темурийлар давригача бўлган тараққиёти кенг ёритилган. Унда тадқиқотчи Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва илмий фаолиятига оид изланишларидан келиб чиқиб, қуйидаги фикрларни баён этган: “Кимё фани соҳасида Марказий Осиёликлар реакцияларни қайтаришга, кристаллизациядан кимёвий тозалашнинг бир воситаси сифатида фойдаланилган, гўё Дмитрий Менделеевнинг 1871 йилги даврий жадвалига пойдевор яратиш мақсадида муайян тортишиш кучини ўлчаш ва уни чуқур элементларда қўллаш каби ютуқларга эришдилар”. Бу орқали Фредерик Старр Абу Райҳон Берунийни қадимги Рим ва Европа Уйғониш даври цивилизацияларини ўзаро бир-бири билан боғлаган мутафаккирдир, дея таърифлаган. Муаллиф ўз асарида Ўрта Осиё цивилизациясининг шаклланиш ва ривожланиш босқичларини чуқур таҳлил қилиб, бу минтақанинг жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган улкан ҳиссасини фактлар асосида очиб берган. Асар минтақа илм-фани ва маданиятининг муҳим жиҳатларини очиб бериши билан бирга унинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини англашга ҳам ёрдам беради. Таъкидлаш жоизки, “Йўқотилган тамаддун” асари илмий жамоатчиликдан ташқари Ўрта Осиё тарихи ва маданиятига қизиқувчи барча китобхонлар учун муҳим ва фойдали манба сифатида хизмат қилади.

 

Жорий йил бошида Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳридаги Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти ҳузуридаги Ислом цивилизацияси кутубхонасида сақланаётган, бевосита Ўзбекистон маданий меросига оид икки ноёб қўлёзманинг факсимиле нусхалари юртимизга келтирилган эди. Булардан бири  аллома Абу Райҳон Беруний қаламига мансуб “Ат-Тафҳим“ асари (форс тилидаги само жисмларини ўрганиш масалаларига бағишланган бу асар 1197 йилда кўчирилган). Иккинчи қўлёзма эса Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома“ асари бўлиб, у ўрта асрларда кўчирилган. Қўлёзма настаълиқ хатида, темурийлар китобат санъатига хос услубда кўчирилган бўлиб, ундан 29 та миниатюра ўрин олган. Ушбу миниатюраларда Камолиддин Беҳзод мактабига хос унсурлар кўзга ташланади. Мазкур қўлёзмалар қаерда ва ким томонидан кўчирилгани ҳозирча номаълум. Маълум қилинишича, улар ўн йил аввал Нидерландияда ўтказилган аукцион савдоси орқали сотиб олиниб, Малайзияга келтирилган. Ўшанда кутубхона раҳбарияти мазкур қўлёзмаларнинг нусхалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фондига топширишларини маълум қилган эди.

 

Бу қўлёзмалар давлат раҳбари ғояси асосида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-инновацион лойиҳалар асосида бойитилаётган музейида “Беруний ва дунё” тарихий экспозициясида намойиш этилиши кутилмоқда. Мазкур медиа лойиҳада Беруний асарлари қўлёзмалари, аллома томонидан яратилган глобус макети, унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида чоп этилган илмий нашрлар, мультимедиа материаллари ҳам тақдим этилади. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Биринчи ренессанс даври” экспозициясидан Леонардо да Винчининг Беруний чизмаларига асосланган ихтиролари макети ҳам ўрин олади. Бу бежиз эмас, италиялик машҳур олим Марио Тедди берган шов-шувли баёнотга кўра, Леонардо да Винчи ўз ихтироларида Беруний чизмаларидан илҳомланган. Бу ҳақиқат эса биз ўз аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийдиган асослардан яна биридир.

 

 

Шунингдек, қайд этиш керакки, музей экспозициясидан жой олаётган Беруний кашфиёти бўлган глобус макетини Италиянинг “Magister Art” компанияси жаҳон стандартларига мос равишда илмий-инновацион ёндашувлар билан яратмоқда. Бу борада эса хорижлик компания вакилларига маҳаллий олимларимиз асосли ва ҳаққоний маълумотлар, далиллар ва фактларни тақдим этмоқда.

Буюк аллома меросини янада кенг тарғиб қилишда бу каби ёндашувлар замирида бир ҳақиқат бор: Абу Райҳон Беруний Биринчи Ренессанс машъали ва бу ҳеч қачон сўнмайди.