Темурийлар Ренессанси – музей экспозициясида янги саҳифа очилади

 

Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларининг яратиш масалалари доирасида бир қатор муҳим муҳокамалар ўтказилмоқда. Ана шундай муҳокамалардан бири Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб ўтди. 

 

Унда Иккинчи Ренессанс экспозициясини шакллантиришга оид лойиҳалар натижасида олинган артефактлар масаласи кўриб чиқилди. Олимлар артефактларнинг оригинал бўлиши, ёки факсимиле ва муляж нусхалари намойиш этилиши, шунингдек, электрон шаклдаги экспонатлар масаласини муҳокама қилишди. 

 

 

Маълумки, Темурийлар ренессансига оид ашёларнинг катта қисми хорижий музейларда сақланмоқда. Шу боис, экспозицияда бу даврни яхлит тасвирлай оладиган намуналар жамланиши лозимлиги таъкидланди.

 

Йиғилиш давомида тарих, фалсафа, диний маълумотлар, адабиёт, тасвирий ва амалий санъат каби йўналишларнинг уйғун ҳолда акс эттирилган экспозиция яратиш зарурлиги айтиб ўтилди. Интерактив усуллар, мультимедиа технологияларини жалб этган ҳолда замонавий экспозиция тайёрлаш ғоялари илгари сурилди.

 

Олимлар томонидан бир қатор муҳим саволлар ҳам кўтарилди. Жумладан, видеороликлар қандай шаклда тайёрланиши кераклиги, адабий меросга оид қўлёзмалар қандай тақдим этилиши — фақатгина варақларми ёки бутун асарнинг рақамли нусхасими — каби масалалар муҳокама қилинди. 

 

 

Шарқшунослик институтида сақланаётган ноёб қўлёзмаларнинг экспозициядаги ўрни алоҳида эътиборда бўлди.

 

Мажлисда илгари сурилган барча таклиф ва мулоҳазалар, шак-шубҳасиз, янги экспозиция концепциясида ўз аксини топади. Темурийлар ренессансини халқаро миқёсда тарғиб этиш йўлида бу каби ташаббуслар катта аҳамият касб этади.