Ўзбекистон маданияти ва санъатидаги жудолик

 

Ўзбекистон маданий меросни сақлаш ва тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшган олийжаноб инсон,  йирик давлат ва жамоат арбоби, археолог олим Зафар Ҳакимов 82 ёшида вафот этди. 

 

Зафар Абдуллаевич Ҳакимов 1942 йил 14 августда Бухоро шаҳрида туғилган. 1964 йилда Тошкент давлат университетини тугатган. 1964-1985 йилларда Санъатшунослик институтида лаборант, аспирант, кичик илмий ходим, катта илмий ходим, илмий котиб лавозимларида фаолият юритган.

 

Зафар Ҳакимов турли йилларда давлат ташкилотларида раҳбар ва масъул лавозимларда, хусусан 1985-1988 йилларда Ўзбекистон Бадиий фонди директори, 1988-1990-йилларда Ўзбекистон КП марказий қўмитаси маданият бўлими масъул ходими, 1990-1992-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти аппарати маданият, фан, маънавий тарбия масалалари бўйича етакчи консультанти, 1992-1993-йилларда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Маданият вазири, 1993-1995 йилларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари, 1995-1997 йилларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси, 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти аппарати жамоат ташкилотлари билан алоқалар бўйича етакчи консультанти ва 1998-1999 йилларда “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти етакчи илмий муҳаррири лавозимларида фаолият юритган.

 

Зафар Ҳакимов 1999 йилдан бошлаб “Мозийдан садо” илмий-амалий, маърифий журналининг бош муҳаррири лавозимида меҳнат қилиб келган. Журнал илмий жамоатчилик орасида ўз нуфузига эга эди.

 

Олим 1970-1979 йилларда совет-афғон археологик экспедицияси таркибида Шимолий Афғонистонда ўнлаб қадимий воҳа ва манзилгоҳларни кашф этишга ҳисса қўшган. Фаолияти давомида олимнинг тарих, археология, архитектура масалаларига бағишланган 50 дан ортиқ мақолалари, монография ва қўлланмалари республика нашрларида чоп этилган. 

 

Марҳум Маданий мерос агентлигининг Республика илмий-эксперт Кенгаши аъзоси сифатида фаолият юритиб келган. Ўз касбининг моҳир устаси сифатида маданият соҳасида амалга оширилган лойиҳаларда мунтазам иштирок этган. У тажрибали, фидойи ва камтарин инсон сифатида республика археология, санъатшунослик илмий жамоатчилиги ўртасида ҳурмат қозонган эди.

 

Марҳум бутун фаолияти давомида мамлакатимиз маданияти ва оммавий ахборот воситалари ривожига ҳам беқиёс ҳисса қўшди. Давлат хизматининг масъулиятли соҳаларида ишлаб, ҳар доим фидокорлик, ватанпарварлик ва юксак касбий малакаси  билан намуна бўлиб келди. 

 

Атоқли олим, журналист, санъат ва маданият арбоби Зафар Ҳакимов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳалари ва тадбирларида ҳам фаол иштирок этиб, марказ фаолиятини қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссасини қўшиб келди. 

 

Марҳумнинг яқинларига, оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Зафар Ҳакимовнинг эзгу ишлари, халқимиз ва Ватанимиз олдидаги фидокорона хизматлари унутилмайди, унинг порлоқ хотирасида қалбларимизда яшайди. 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жамоаси