Янги Ўзбекистон тарихи замонавий кўринишда акс эттирилади

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг "Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори" бўлими экспозицияси "Sila sveta" компанияси билан ҳамкорликда тайёрланмоқда.

 

Ушбу бўлим орқали Янги Ўзбекистон тарихини замонавий ёндашувлар асосида намойиш этиш мақсад қилинган. Бўлим таркибида жами 9 та йўналиш мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири экспозиция концепциясининг таркибий қисми ҳисобланади. Бу қисмлар орқали мамлакатимизнинг ижтимоий, илмий, маданий ва иқтисодий тараққиёти акс эттирилади.

 

Республика Маънавият ва маърифат марказида экспозиция концепциясини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. "Sila sveta" компанияси вакиллари, ҳамкор ташкилотлар, олимлар ва соҳа мутахассислари қатнашган йиғилишда концепциянинг умумий йўналиши, ҳар бир экспонатни музейга тайёрлаш ва ҳужжатлаштириш тартиби кўриб чиқилди. Дизайн ечимлари ва амалга ошириш босқичлари ҳам белгилаб олинди. Қатнашчилар контентни бойитиш ва миллий қадриятларни технологиялар ёрдамида ифодалаш бўйича таклифлар берди.

 

“Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори” экспозицияси мамлакатимизда рўй бераётган туб ўзгаришларни, миллий тикланиш жараёнини акс эттирувчи ноёб лойиҳа сифатида шаклланмоқда. Бу экспозиция нафақат юртимиз аҳли, балки халқаро ҳамжамият эътиборини ҳам тортувчи маданий-маърифий майдонга айланиши, таъкидланди.

 

Компания томонидан таклиф қилинган иммерсив шоу лойиҳасига алоҳида эътибор берилди. Бу технология ёрдамида мамлакатдаги ислоҳотлар, илм-фан ва маданият тараққиёти, қурилиш ишлари ҳамда тарихий меросимиз жонли ва таъсирчан тарзда намойиш этилади.

 

Эслатиб ўтиш жоизки, Марказда Давлат раҳбарининг топшириғига биноан, Ўзбекистондаги мегалойиҳанинг ички мазмуни ҳам ташқи кўриниши каби улуғвор бўлиши лозимлиги тамойили асосида ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамда мутахассислар иштирокида 800 дан ортиқ илмий-инновацион лойиҳа ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳалар уч босқичда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, улардан 300 га яқини марказнинг очилиш маросимида тақдим этилиши кўзда тутилган.