Саййид Жалол Ҳусайний: Ўзбекистонда 8 йилда асрларга татигулик ишлар қилинган!

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Эрон Ислом Республикасининг Остони Қудси Разавий Кутубхоналар, музейлар ва ҳужжатлар маркази раҳбари Ҳужжатул-ислом Саййид Жалол Ҳусайний бошчилигидаги ҳайъат ташриф буюрди.

 

Меҳмонларга дастлаб Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов марказнинг тарихи, фаолияти ва лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилгани, унинг асосий мақсади  Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, халқаро миқёсда Ўзбекистон тарихи, маданияти ва маърифий меросини тадқиқ этаётган муассасалар ва мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш эканига эътибор қаратилди. 

 

 

— Машҳад шаҳридаги Остони Қудси Разавий мажмуаси Эронниинг маънавий-маърифий маркази ҳисобланади. Бу мажмуани ҳар йили мамлакатимиздан ва бутун дунёдан 30 миллиондан ортиқ киши зиёрат қилади. Мажмуа бир қатор университет, музей ва кутубхоналар, тадқиқот марказларини ўз ичига олади. Ўзбекистонга ташрифимиз асносида бу ерда Ислом дунёси меросининг жуда катта қисмининг сақланишига амин бўлдик. Сўнгги 8 йил давомида юртингизда жаноб Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан асрларга татигулик ишлар амалга оширилгани, айниқса, маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб этиш борасида залворли  қадамлар ташланганига  гувоҳ бўлдик, — деди Саййид Жалол Ҳусайний.

 

 

Учрашув давомида Мажмуанинг халқаро алоқалар бўйича раҳбари Иброҳим Довудий, Остони Қудси Разавий кутубхонасининг нодир қўлёзмалар бўлими ходими Саид Амир Мансурий, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ишлари бўйича маслаҳатчиси Амир Саид Карамий, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тобора ривожланиб бораётганини қайд этдилар. Ҳайъат раҳбари Остони Қудси Разавий мажмуасида хорижий тадқиқотчилар учун шарт-шароитлар мавжуд экани, у ерда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ходимлари учун ҳам барча имкониятлар яратиб берилишини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг иккинчи қаватида Ўзбекистон маданий-маърифий меросини тадқиқ этаётган хорижий тадқиқотчилар ва халқаро ташкилотчилар учун алоҳида хоналар ажратилиши маълум қилинди. 

 

— Мажмуамизда бир миллиондан ортиқ китоблар, матбуот нашрлари ва нодир қўлёзмалар  сақланади. Улар орасида 150 мингдан ортиқ ноёб қўлёзмалар бор. Биз ушбу қўлёзмаларни рақамлаштириш устида иш олиб боряпмиз. Қўлёзмаларнинг 400 дан ортиғи туркий (эски ўзбек) тилда эканлиги аниқланган. Жумладан, Мир Алишер Навоий ижодига мансуб 160 та қўлёзма мавжуд. Биз ушбу қўлёзмаларни тадқиқ қилиш бўйича ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликка ҳар доим тайёрмиз, — деди Саид Амир Мансурий.

 

 

Меҳмонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Мажмуа фондида сақланаётган XIII асрга мансуб, сатр остида туркий ва форсий таржималари битилган  Қуръони карим қўлёзмаси ҳамда Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари факсимиле нусхаларини ҳадя қилишди. Ўз навбатида Фирдавс Абдухолиқов Марказ номидан “Катта Лангар Қуръони” ҳамда Ҳусайн Бойқаро қаламига мансуб “Девони Ҳусайний” қўлёзмаларининг факсимиле нусхаларини топширди.