Аждодлардан мерос қолган меъморий ёдгорликларнинг 80 га яқин макетлари яратилади

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини шакллантиришда дунёнинг турли нуқталарида сақланаётган Ўзбекистонга оид ноёб экспонатларни яратиш мақсадида мутахассислар ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари йиғилди. Эндиликда назарий жиҳатдан йиғилган маълумотлар асосида олим ва ҳунармандлар муляж, макет ҳамда факсимиллар устида иш жараёнини бошлади. 

 

Експозиция бўлимларига оид ҳар бир муляж ва макетлар ҳақида маълумотлар берилиб, улар ўз йўналишларига кўра, ҳунармандларга тақсимланди. Муҳокама давомида муляж ва факсимилларнинг аслидан фарқ қиладиган жиҳатларига алоҳида урғу берилди. Масалан, “Исломдан аввалги давр” экспозициясидан ўрин олиши кўзда тутилган фил суягидан ясалган шахмат доналарининг асл нусхаси муляжи ўриндош хомашё орқали яратилади. Бундан ташқари, факсимиле нусхаларнинг ҳажми 15% гача фарқ қилиши мумкин. Шу каби маълумотлар 10 дан ортиқ ҳунарманд мутахассислар иштирокида таҳлил қилинди ҳамда таклифлар инобатга олинди.

 

Кун тартиби давомида экспозицияларнинг макетлари бўйича ҳам маълумотлар берилди. Умумий ҳисобда 80 га яқин тарихий биноларнинг макетлари яратилиши кутилмоқда. Биринчи босқичнинг иккинчи тоифа лойиҳалари доирасидаги жараёнлар жорий йилнинг сентябрь ойига қадар якунланиши кўзда тутилган.