Азиз Санжар: Нобелдан сўнг "Алишер Навоий"...

 

Венгриянинг Будапешт шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити доирасида "Туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун" Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу йил мукофотга таниқли турк биокимёгари, Нобель мукофоти совриндори, Ўзбекистон Миллий университети фахрий доктори Азиз Санжар сазовор бўлди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Азиз Санжарни самимий табриклаб, нуфузли мукофотнинг илм-фан арбобига топширилиши туркий дунё олимлари, жумладан, ёшларни янги марраларни забт этишга илҳомлантиришини алоҳида таъкидлади.

 

Туркий давлатлар ташкилотининг буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий номидаги мукофоти давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йилда таъсис этилган. У туркий маданиятни тарғиб қилиш, тинчликни сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ва ишончни мустаҳкамлаш, шунингдек, туркий халқлар ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга қўшилган алоҳида ҳисса учун ҳар икки йилда бир марта топширилади.

 

Азиз Санжар ким?

 

Туркий халқлар вакиллари орасида фақат икки киши машҳур Нобель мукофотини олган холос. Бири туркиялик ёзувчи Орхан Памук, иккинчиси эса, Азиз Санжар.

 

У 1946 йил 8 сентябрда Туркиянинг Мардин вилояти Савур туманида камбағал оилада саккиз фарзанднинг еттинчиси бўлиб туғилган. Ота-онаси саводсиз бўлишса-да,  барча болалари таълим олиши учун шароит яратиб беришган. Ўрта мактабни битириб, 1969 йилда Истанбул университетининг тиббиёт факультетини тамомлаган. 1971 йилда АҚШга кўчиб борган. Далласдаги Техас университетида молекуляр биология бўйича магистратура ва аспирантурани тамомлаган. 1977-1982 йилларда Йел университетида докторантурада таҳсил олган. 1982 йилдан бери Шимолий Каролина университетининг Чапел-Хилл шаҳрида яшаб фаолият кўрсатади. Турмуш ўртоғи — биокимёгар Гвен Санжар (Esta Gwendolyn Boles Sancar), Далласдаги Техас университетини тамомлаган. Шимолий Каролина университети профессори. 

 

Азиз Санжар 2015 йилда ДНКни тиклаш механизмларини ўрганиш бўйича Томас Линдал ва Пол Модрич билан биргаликда кимё бўйича Нобел мукофотини қўлга киритган.

 

2023 йил январида Туркиянинг Мардин аэропорти Азиз Санжар шарафига қайта номланди. 2025 йил 19 январда АҚШнинг Шимолий Каролина штатидаги Санжар маданият марказида бўлиб ўтган маросимда ТУРКСОЙ бош котиби Султан Раев унга  “Туркий дунёнинг маданият элчиси” медалини топширди.

   

 “Ўзбекистонга меҳрим бўлакча”

 

Азиз Санжар Ўзбекистон тарихи ва маданиятига эътибори юксак эканини ҳамиша эътироф этади. 

 

2018 йил 16 октябрь куни Ўзбекистон Миллий университетида “Азиз Санжар: сарҳадсиз билим ичра кечган ҳаёт” мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Анжуман якунида Азиз Санжарга ЎзМУ фахрий доктори унвони берилди.

 

Сафар асносида атоқли олим Азиз Санжар Ўзбекистонга келганидан ғоят мамнун экани, негаки, бу замин унинг учун қадрли эканини қайд этди.

 

“Мен қардошларим билан дийдорлашгани келдим. Менга берилган Нобель мукофоти аслида барча туркий халқларга тегишлидир. Яшириб нима қилдим, ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлганимдан кейин турли мамлакатларга таклифлар кўпайди. Вақтим камлиги боис таклифларнинг аксарини рад этишга мажбур бўламан. Аммо туркий қардошларимнинг таклифини бажонидил қабул қилдим”, – деди олим.

 

Туркиялик профессор илмнинг юксак чўққиларини забт этиш борасидаги шахсий тажрибаси хусусида ҳам сўзлаб, бугунги даврда ёшларни илм-фанга қизиқтириш бирламчи вазифа эканини таъкидлади.

 

“Мени Ўзбекистонга қандайдир моддий манфаат эмас, балки соғинч етаклаб келди. Бу – ватаним олдидаги бурчим эди! Энг асосийси, мен бу ерга ёшларда илмга рағбат уйғотиш мақсадида ташриф буюрдим. Бугун биз туркий дунё ёшларида илмга рағбатни кучайтирмоғимиз лозим”, – деганди профессор Азиз Санжар.

 

Атоқли олим, хусусан, замонавий билимлар, Ғарб фани ютуқларини ўзлаштириш муҳим эканига эътибор қаратди.

 

“Илм-фансиз жаҳонда ҳурмат-эътибор қозониб бўлмайди. Бунга эса турк дунёси бир ёқадан бош чиқарибгина эришиши мумкин. Ҳамкорликда ишлашда гап кўп. Бизни умумий тил, дин ва тарихий илдизлар боғлаб туради. Биргаликда кўп ишларга қодирмиз, жумладан, илм-фан соҳасида ҳам юксак чўққиларни эгаллай оламиз”, – деди олим.