Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: инновацион лойиҳалар ижросига киришилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини шакллантириш учун ишлаб чиқилган илмий инновацион лойиҳаларни амалга ошириш жараёнлари таҳлилига бағишланган муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган нуфузли маданий-маърифий маскан – Ислом цивилизацияси маркази очилишига саноқли ойлар қолди. Ушбу тантанали маросимга тайёргарлик жараёнларида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар ҳамда мутахассислар Давлат раҳбарининг муҳим топшириғи, яъни Ўзбекистондаги мегалойиҳа ички контенти ҳам ташқи кўриниши маҳобатидан кам бўлмаслиги кераклигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда иш олиб бормоқдалар.
Ушбу устувор мақсад йўлида бирлашган олимлар, мутахассислар томонидан Марказ контентини бойитиш учун 800 дан ортиқ илмий-инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилган. Уч босқичда амалга оширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳаларнинг 300 га яқини айнан Ўзбекистондаги мегалойиҳанинг очилиш маросимида тақдим этилиши устидаги ишлар қизғин паллага кирган.
Йиғилишда қайд этилишича, айни пайтга қадар Марказ экспозициясини бойитиш бўйича 1 босқич учун танлаб олинган 300 га яқин лойиҳаларнинг 260 га яқини устида аллақачон амалий ишлар бошлаб юборилган. Бинонинг марказий қисмидан ўрин оладиган Қуръони Карим зали, шу билан бирга, Исломдан аввалги давр, Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс, Янги Ўзбекистон даври цивилизациялари, кашфиётлари ва шахслари ҳақида экспозициялар тайёрлашда Италия, Германия, Франция, Туркия, Россия каби давлатларнинг нуфузли компаниялари билан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
1 босқичда қамраб олинган 300 га яқин лойиҳалар икки тоифага ажратиб олинган бўлиб, бугунги кунда уларнинг макетлари, муляжлари, хариталари, факсимилелари, голограмма яратиш каби жараёнлари бошланган. Бу ишларга барча – ишчи гуруҳнинг раҳбарларидан тортиб аъзоларигача, олимлару мутахассисларгача шартнома асосида жалб қилинган.
Шунингдек, йиғилишда очилиш маросими тадбирлари доирасида ўтказиладиган Халқаро кўргазмани ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ушбу кўргазма бўйича 40 га яқин хориж мамлакатлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги амалий кўмаги билан олиб борилаётган халқаро ҳамкорлик музокаралари натижасига кўра бугунги кунда 18 та давлатдан 26 музей экспонатлари рўйхати таклиф сифатида шакллантирилишига эришилди. Айни пайтда ишчи гуруҳ раҳбарлари ва аъзолари биргаликда таклиф этилган экспонатларнинг аҳамиятлилик даражаси бўйича таҳлиллар ўтказиши бўйича иш олиб борилмоқда.
Шунингдек, жаҳоннинг энг йирик савдо уйлари – Лондон шаҳридаги “Christie’s” ва “Sotheby’s” аукционлари билан ҳам ҳамкорлик масалалари доирасидаги олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этиш керакки, Марказнинг тантанали очилиш маросимида айни шу савдо уйлари томонидан ҳам Марказий Осиё, шарқ маданияти, маърифати билан боғлиқ ноёб дурдоналар тақдим этилиши кутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлигидаги делегация вакиллари Лондон шаҳридаги “Christie’s” ва “Sotheby’s” аукцион уйларига ташриф буюрган ва ушбу нуфузли компаниялар билан ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган. Ташриф давомида Марказ делегацияси нуфузли аукционда Марказий Осиё маданий меросига оид тақдим этилган 46 та лотни саралаган. Улар орасида Темурийлар даврида кўчирилгани тахмин қилинган Қуръони карим қўлёзмалари бор.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
