Ислом цивилизацияси маркази ва Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти  ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари иштирокида онлайн мулоқот ўтказилди. Мулоқот кун тартибидаги масалаларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2025 йил 14 мартдаги 26-сон баёнида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.  Мазкур учрашувда шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини халқаро даражада қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш, бугунги вазифалар, истиқболдаги мақсадлар ва халқаро ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди. Учрашув доирасида 2025–2028 йилларга мўлжалланган уч йиллик стратегик дастур лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди. Дастур асосида хорижий ҳамкорларни аниқлаш, уларнинг рўйхатини шакллантириш ва халқаро ташкилотлар, жумладан UNESCO билан ҳамкорликни кучайтириш белгиланди.


Хорижий музейлар, кутубхоналар ва илмий марказларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид манбалар, қўлёзмалар ва артефактларни излаб топиш, рақамлаштириш ва мамлакатга олиб келиш ишлари дастурнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.

 

Марказ контентини илмий-инновацион асосда бойитиш, халқаро тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, қўшма фильмлар, кўргазмалар ва форумлар ташкил этиш бўйича ҳам аниқ таклифлар билдирилди.

 

Жаҳон жамоатчилигини марказ фаолияти билан яқиндан таништириш учун пресс-турлар, медиа тадбирлар ва форумлар ташкил этиш режалаштирилган. Жумладан, марказнинг очилиш маросимида 40 дан ортиқ нуфузли халқаро музейлар вакиллари иштирок этиши кўзда тутилмоқда.

 

114 та нодир Қуръони Карим нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва экспозицияда намойиш этиш ҳамда “Янги Ўзбекистон Қуръони” лойиҳасини амалга ошириш режаси ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, “Буюк аждодлар мероси – маърифатли келажак асоси” IX халқаро конгресни марказ биносида ўтказиш, бинода халқаро ташкилотлар офисларини жойлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

 

Марказ директори учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги муҳим илмий-маърифий масканга айланиши лозимлигини алоҳида қайд этди. Марказ очилиш маросимига оз вақт қолганини инобатга олиб, олдинда масъулиятли ва жавобгарликка тўла ишлар тургани, уларни тизимли ва самарали амалга ошириш кераклиги таъкидланди.

Хорижий давлатларда аниқланган 114 та Қуръони Каримнинг факсимиле нусхаларини юртимизга олиб келиш ва марказ экспозициясида намойиш этиш, бу жараённи изчил равишда давом эттириш, шунингдек, “Янги Ўзбекистон Қуръони” лойиҳасини ҳаётга тадбиқ этиш масалаларини кўриб чиқишимиз лозим. Ушбу нодир асарни юртимиз ва хориждаги тажрибали хаттотларни жалб қилган ҳолда тайёрлашни режалаштиряпмиз. Шу билан бирга, “Буюк аждодлар мероси – маърифатли келажак асоси” IX халқаро конгресни тўғридан-тўғри марказ биносида ўтказиш, бинонинг иккинчи қаватида халқаро ташкилотларнинг доимий офисларини жойлаштириш имкониятларини ўрганиш юзасидан аниқ режалар белгилаб олиниши керак, — деди Фирдавс Абдухолиқов.

 

Мулоқот якунида хорижий оммавий ахборот воситалари учун махсус медиа-турлар ўтказиш, Марказ музейида Марказий Осиё давлатларига бағишланган экспозициялар тайёрлаш таклифлари ҳам билдирилди.