Ўмондаги биноларда Бухородаги Мир араб мадрасаси безакларидан андоза олинган

Ўзбекистоннинг Ўмон султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Ҳотамов Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Мартабали меҳмон ва Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази очилиши арафасида ўтказилиши кутилаётган халқаро кўргазма ва бошқа муҳим тадбирлар доирасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Мустақиллик байрами арафасидаги глобал маданий воқелик – "Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мулки" шиори остида ташкил этилаётган халқаро кўргазмада Ўмон музейлари ва кутубхоналарининг иштироки, шунингдек, мамлакатдан таклиф этиладиган расмий ва фахрий меҳмонлар ҳақида фикр алмашилди. Алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда Ўмон султонлиги Миллий музейи мазкур халқаро кўргазмада иштирок этиш ниятини билдирган ва 33 та қимматли экспонат рўйхатини Ислом цивилизацияси марказига юборган.
Эслатиб ўтамиз, Ислом цивилизацияси маркази очилиши муносабати билан дунёдаги 40 га яқин нуфузли кутубхона ва музейлар Ўзбекистон тарихи ва маданиятини кенг намойиш этадиган халқаро кўргазмада иштирок этади. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон ва Ўмонни боғлаб турувчи тарихий ва маънавий жиҳатларга бағишланган қисқа метражли видеофильм тайёрлаш таклифи билдирилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчиси Абдусалом Ҳотамов фахрланишга арзийдиган маълумот билан ўртоқлашди. Унинг маълум қилишича, Бухородаги Мир араб мадрасаси безаклари Ўмондаги биноларда акс этган, Самарқанддаги Шоҳи Зинда тарихий ёдгорлик муқарнаслари безакларидан эса Ўмон султонлиги қирол тахтини тайёрлашда фойдаланилган. Шунингдек, Ўмоннинг Суҳор шаҳридаги масжидлардан бири Самарқанд андозасида қурилганлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида томонлар келгусидаги амалий ҳамкорлик, ахборот ва маданий лойиҳаларни ривожлантириш юзасидан келишиб олдилар. Учрашув якунида Ўмон ОАВ вакилларини Марказ очилиш маросимидаги тадбирларни ёритишга жалб қилиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди