Қатар элчиси Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш хусусида сўз борди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилаётган марказнинг мақсад ва вазифалари, марказ контентини бойитиш бўйича маҳаллий ва хорижлик олимлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ва Мустақиллик байрами арафасида тантанали очилиши ҳақида тўхталди.
Жумладан, ушбу муҳим тадбирнинг мазмун-моҳияти, унда иштирок этишга қизиқиш билдирган халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва турли илмий-маърифий муассасалар ҳақида сўз юритилди.
Шу билан бирга, тадбирни ташкиллаштириш ва ўтказиш жараёнларида Қатарда миллий меросни ўрганишга ихтисослашган ташкилотлар, хусусан Қатар музейлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши мумкинлиги таъкидланди. Ушбу музейлар ислом маданиятининг бой тарихини ўзида мужассам этган жаҳон миқёсида муҳим маданий масканлардан бири ҳисобланади. Мулоқотда Марказ томонидан Қатарнинг ана шу музейлари ва маданий муассасаларининг мазкур тадбирларда иштирокини таъминлаш юзасидан бир қатор амалий таклифлар киритилди.
Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари каби муассасаларнинг фаолияти, йўналишлари ҳақида ахборот беришни кўзлаган конференция ўтказиш таклиф қилинди.
- Мен Президент жаноби олийлари Шавкат Мирзиёевнинг барча соҳаларда шиддат билан олиб бораётган ислоҳотларини алоҳида таъкидламоқчиман. Ташқи сиёсат, иқтисод, маданият, коррупцияга қарши курашиш, хусусан, тарихий бой маданий меросни асраш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил 14 март куни хорижий давлатлар ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар вакиллари учун ташкил этилган тадбирга ташриф буюриб, марказ мисолида бу ислоҳотларнинг амалий натижасини кўрдим. Умид қиламанки, марказнинг очилиш маросимига Қатардан нуфузли меҳмонлар ташриф буюради. Қатар давлати исломга оид маданий меросни, обидаларни асраб-авайлаш, уни тарғиб қилишга жуда катта эътибор қаратади. Давлатимиз музей ва кутубхоналарида Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга оид тарихий ашёлар ва экспонатлар мавжуд. Бу борада Дохадаги Ислом музейини алоҳида тилга олмоқчиман. Қатардаги маданиятлараро қўмита Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик ўрнатиш хоҳишини билдирган. Бундан ташқари марказ исломнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига ҳисса қўшган олимлар меҳнатини кўрсатиш учун катта ишлар олиб боряпти. Шу боис марказ фаолиятига кўплаб қатарлик олимлар катта қизиқиш билдирмоқда.
– Сизга Президентимиз бошчилигида илмий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Марказнинг очилиш маросими олдидан халқаро глобал кўргазма ташкил этилади. Унда 40 дан ортиқ хорижий музейлар ўзларининг Ўзбекистонга тегишли коллекцияларини намойиш этади. Биз Қатардаги музейларни ҳам шу кўргазмада иштирок этишга таклиф этмоқчимиз, –– деди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов мулоқот давомида.
Элчи бу таклифни катта мамнуният билан қабул қилиб, икки томонлама илмий маданий алоқаларни ривожлантиришга бажонидил ҳисса қўшишдан мамнунлигини билдирди.
Қатар элчихонаси томонидан марказга бир қатор китоблар совға қилинди. Ўз навбатида меҳмонларга Марказ томонидан Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси туҳфа этилди. Бу туҳфа Қатар элчисида катта таассурот уйғотди.
– Ўзбекистонда катта маънавий бойликлар бор. Биз Усмон Мусҳафини билардик, Катта Лангар Қуръони тўғрисида бугун билдим. Бундан ташқари Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташкилоти томонидан нашр қилинган 52 томли жамланма олдинроқ туҳфа этилган эди. Бу тўпламга ўхшаган бошқа нашрни мен ҳали кўрмаганман. Мамлакатингиз миллий меросини ажралмас энг муҳим қисмларидан бўлган осори-атиқаларга, гарчи улар чет элларга сочилиб кетганига қарамасдан, эътибор қаратаётгани бу сизнинг тарихий маданият соҳиби эканлигингизни кўрсатади ва бутун дунёни сизга ҳавас билан қарашга ундайди, – деди элчи Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим.
Суҳбат якунида элчи жаноблари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши маросимига Қатардан олий даражали делегация келиши режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилди. Қатар раҳбарияти Ўзбекистонда амалга ошираётган бундай мегалойиҳага жуда катта қизиқиш билдираётганини таъкидлади.
Учрашув якунида жаноб Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим марказда олиб борилаётган илмий-маърифий жараён билан ҳам танишди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
