Индонезия нашрида Ислом цивилизацияси маркази ҳақида мақола чоп этилди


 

Индонезиянинг "Антара" ахборот агентлиги "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: мерос ва билим" сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 

Нашрда Марказ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилгани, бу улкан қурилиш иншоотига илк тамал тоши 2018-йилги Рамазон ҳайити куни қўйилгани маълум қилинган.

 

Марказ фаолияти ислом  асраб-авайлаш, ислом тарихидаги аллома ва мутафаккирларнинг улкан ҳиссаларини ўрганиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилгани таъкидланган.

 

"Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жамиятда инсонпарварлик, миллий тарихга ҳурмат ва бағрикенгликни тарғиб қилиш, ижтимоий барқарорлик ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган", – дейилган материалда

 

Таъкидланганидек, бағоят улуғвор марказ биноси уч қаватни ташкил этиб, қадимги меъморий обидаларимиз шаклида бунёд этилмоқда. Миллий гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ажойиб уйғунлиги унга алоҳида кўрк ва салобат бағишлаган. "Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади", – деб ёзилган нашрда

 

Қайд этилганидек, маънавий-маърифий, маданиятлараро ва конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар, хусусан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО билан ҳамкорликни жадаллаштириш Марказнинг асосий вазифаларига киради.