Ўзбекистон халқаро форумда иштирок этмоқда

 

Қозон шаҳрида XVI Халқаро иқтисодий форум — «Россия – Ислом олами: KazanForum» бўлиб ўтмоқда. 

 

Мазкур нуфузли анжуман Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий, маданий ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилади ва халқаро миқёсдаги ўзига хос мулоқот майдони ҳисобланади.

 

Форум доирасида турли соҳалар — иқтисодиёт, савдо, инвестиция,  таълим, илм-фан, маданият, туризм ва оммавий ахборот воситалари соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан конференциялар, тақдимотлар, давра суҳбатлари ва бизнес учрашувлар ўтказилмоқда.

 

Форумда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вакили Гулнора Ғаниева ўз чиқишлари билан иштирок этмоқда. У ислом меросининг илмий асосда ўрганилиши, маданий мулоқотни ривожлантириш, ислом цивилизациясининг жаҳон тарихи ва ҳозирги тараққиётдаги ўрни, шунингдек, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги халқаро лойиҳалардаги иштироки ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, халқаро экспертлар билан фикр алмашувларда қатнашиб, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятига эга бўлди.

 

Иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда Ислом мероси ва илм-фан тараққиётига қаратилаётган эътибор, жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом академияси ва бошқа муассасалар фаолияти алоҳида эътироф этилди.

 

“Россия – Ислом олами: KazanForum” – нафақат иқтисодий, балки маънавий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ислом дунёси билан ўзаро англашув ва тинчликни таъминлашда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Форум 17 майгача давом этади.