ИЦМда техник топшириқларни тайёрлаш ва амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди

 

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой тарихий мероси, улкан илмий салоҳияти ва юксак маънавиятининг ёрқин намунаси сифатида бунёд этилмоқда. 



 

Сентябрь ойида очилиши кутилаётган  Марказ экспозицияларини шакллантириш жараёни жадал суръатларда давом этмоқда. Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида ўтган йиғилишда дастлабки босқичдаги техник топшириқларни тайёрлаш ва амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

 

 

Учрашувда алоҳида эътибор Исломдан аввалги давр цивилизациялари ва Иккинчи Ренессанс даврига оид бўлимлар учун тайёрланган техник топшириқларга қаратилди. Мутахассислар ушбу тарихий даврларнинг бебаҳо меросини акс эттирувчи экспонатлар ва контентларни яратиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, Марказ учун контентларни шакллантиришга қаратилган илмий-инновацион лойиҳалар доирасида тайёрланган техник топшириқларни амалиётга жорий этиш, яъни уларни замонавий контент кўринишида тақдим этиш юзасидан ҳам фаол фикр алмашилди.

 

 

Маълумот учун қайд этиш жоизки, Марказнинг музей фонди ва контентини бойитишга 2000 дан ортиқ етук олимлар, тарихчилар, санъатшунослар, архившунослар ва диншунослар жалб этилган. 800 дан ортиқ илмий ва инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, улар асосида экспозицияларда макетлар, деворий матнлар ва замонавий интерактив ечимларни жорий этиш режалаштирилган. Айни пайтда мутахассислар биринчи босқичдаги 400 дан ортиқ лойиҳани амалиётга татбиқ этиш устида қизғин иш олиб бормоқдалар. Бу борада олимлар ва мутахассислар билан 200 дан ортиқ шартномалар имзоланган.