Бухородаги илк мадраса асосчиси медиалойиҳасида нималар акс этади?

 

Абу Ҳанифа асос солган ҳанафийлик мазҳаби VIII асрнинг ўрталарида, кенг тарқала бошлаб, шу асрнинг охирларида узоқ-яқин ўлкаларга, жумладан Мовароуннаҳрга етиб келган эди. Турли шаҳарлардаги ҳанафий марказларининг шаклланишига Ироқ, Хуросон мактабларининг таъсири катта бўлган. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф. 805 й.)нинг шогирди Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий 768 йили туғилиб, 832 йил вафот этган. У  Бухорода мана шундай шарафли иш - илк мадрасаларга асос солган.

 

Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Ҳафс ибн Забурқон ибн Абдуллоҳ ибн Бухорий. У ўз юртида эгаллаши мумкин бўлган барча илмларни пухта ўзлаштиргач, Бағдод сари йўл олади. У ерда Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳидан ҳанафийлик мазҳаби фиқҳини ўзлаштиргач, яна ўз юртига қайтиб келади. Шу боис, у ҳанафийлик таълимотини биринчи бўлиб Мовароуннаҳрга олиб келган шахс сифатида ҳам маълум ва машҳурдир.

 

Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий асос солган мадрасалар илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган етук муассаса бўлганлиги билан машҳур. Шунинг билан бирга ушбу мадрасалар ўз замонасида машҳур мадрасалардан саналган. Тарихчи Вамбери ўзининг “Тарихи Бухоро” ва ас-Саъдий “Тарих ад- дувал”номли асарларида Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг мадрасаси ислом оламининг турли ўлкаларидаги олимлар ва талабалар орзу қилган энг яхши мадраса бўлганини таъкидлаган.

 

  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан “Абу Ҳафси Кабир – Бухородаги илк мадраса асосчиси” медиалойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа доирасида олим илмий-маърифий мероси ўрганилмоқда. Тўпланган маълумотлар асосида электрон харита, роликлар тайёрланиши, илк мадраса макети ва интерактив ўйинлар барпо этилиб марказ экспозииясидан ўрин олиши кўзда тутилган. 


   Маълумот учун, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг  дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизни ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.