ИЦМ Илмий кенгаши йиғилиши: Қуръон залига янгича ёндашув, нурли инсталляция ва янги нашрлар

Илмий кенгаш йиғилишида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти қўшма лойиҳаси — "Ўзбекистон маданий мероси" туркумидаги китоб-альбомларнинг 81-90 жилдларини нашр қилиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, нашрга тайёрланаётган еттита совғабоп китоб-альбом ҳақида маълумот берилди.

 

 

Йиғилишда кенгаш аъзолари Қуръон залининг янгича дизайнини ҳам тасдиқлашди.

 

 

"Қуръон зали бинонинг марказий қисмидан ўрин олгани учун унинг дизайнига алоҳида эътибор бериляпти. Биз Кенгаш аъзолари эътиборига Ҳазрати Усмон қуръони жойлаштириладиган айвон устида жойлашадиган нурли инсталляциянинг икки хил кўринишини тақдим қилдик. Йиғилишда энг мақбул вариант танланди", — дейди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ходими Азимжон Ғафуров.

 

 

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг  дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизнинг ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган.

 

 

Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар самарали олиб борилмоқда.