Ахсикент экспедицияси, Дамашқ қиличи ва янги медиалойиҳалар: ИЦМ Кенгаши йиғилиши давом этмоқда

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда кенгаш аъзолари тўғридан-тўғри ва онлайн тарзда иштирок этмоқда.

 

 

Дастлаб, Лондон қироллик коллежи Археология бўлими илмий ходими, доктор Милиана Радивоевич Наманган вилоятидаги Ахсикент мавзесида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижаси билан таништирди. Милиана Радивоевич узоқ йиллардан бери мамлакатимизда олиб борилаётган археологик тадқиқотларда фаол иштирок этиб келади.

 

 

Кенгаш аъзолари томонидан йирик анжуманларга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонлар рўйхати ҳам тақдим этилди. 

 

 

“Ахсикент дунёдаги энг қадимий металлургия марказларидан бири ҳисобланади. Мен ўзбекистонлик, кипрлик ва буюк британиялик ҳамкорларимиз билан бирга Ахсикентда илк ўрта асрларда металлургия юқори даражада ривожланганини кашф этдик. Жумладан, Ислом оламининг дастлабки даврида  тайёрлана бошлаган машҳур Дамашқ қиличлари ҳам айнан Ахсикентда қазиб олинган ва қайта ишланган пўлатдан фойдаланганини исботладик. Насиб этса, Марказнинг очилиш маросимида бу тарихий воқеани алоҳида медиалойиҳа сифатида тақдим этамиз", — деди Милиана Радивоевич.

 

 

ИЦМ халқаро алоқалар бўлими мутахассиси Екатерина Соболева Кенгаш аъзоларини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очилиши маросими концепцияси билан таништирди. Унда ушбу маросим доирасидан жой олган тадбирлар, “Ўтмишнинг боқий мероси – буюк келажак асоси” мавзусида Тўққизинчи конгресс кун тартиби ва бошқа масалалар ўрин олган. 

 

 

Шунингдек, Марказ экспозицияси учун 2-тоифали медиалойиҳаларнинг илмий-амалий материаллар базасини яратиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди. Бошқа бир қатор масалалар бўйича Кенгаш аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.