Абдулғозий Баҳодирхон илмий мероси Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олади
Абулғозий Баҳодирхон шайбонийлар сулоласидан бўлиб, 1643–1664 йиллар давомида Хива хонлигини бошқарган. У тарихда фақатгина ҳукмдор сифатида эмас, балки тарихчи ва табиб сифатида ҳам катта ном қолдирган. Унинг “Шажарайи тарокима” ва “Шажарайи турк” асарлари Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон тарихи учун муҳим манбалардан саналади.
“Шажарайи тарокима” асари 1658–1661 йиллар оралиғида эски ўзбек тилида ёзилган бўлиб, туркий қабилалар, айниқса туркман халқининг келиб чиқиши ҳақида маълумот беради. Асарда барча туркий халқларнинг афсонавий подшоси бўлган Ўғизхон ва унинг авлодлари, шунингдек, туркман уруғлари — солур, бояндор, така, ёвмут, хизр эли, сари, Али эли, ясор, эрсори ва бошқалар ҳақида қисқача тарихий маълумотлар келтирилган. Абулғозийнинг таъкидлашича, бу асарни у туркман муллалари, шайхлари ва бекларининг илтимоси билан ёзган. Асар XIX аср охирларида мутахассислар эътиборига тушган ва 1958 йилда академик А.Н. Канонов томонидан танқидий матни ва русча таржимаси билан нашр қилинган.
Абулғозийнинг иккинчи асари — “Шажарайи турк” 1663–1664 йилларда ёзиб тугалланган. Унда Хоразмнинг XVI асрдан XVII асрнинг биринчи ярмигача бўлган ижтимоий-сиёсий тарихи баён этилган. Асар хабар шаклида ёзилган бўлиб, у ўз даври воқеалари, сиёсий курашлар ва ҳукмдорлар фаолияти ҳақидаги тарихий маълумотларни ўз ичига олади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Ўзбек хонликлари даври” экспозициясидан Абдулғозий Баҳодирхон илмий мероси ўрин олади.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
