Хотирлаш ва қадрлаш — ўзбек халқига хос қадрият!
Ўзбекистонда ҳар йили 9 май — Хотира ва қадрлаш куни миллий руҳ, тарихий хотира ва инсоний қадриятларни улуғлаш шукуҳида нишонланади. Бу сана эркинлик, тинчлик ва қадриятларни асраб келаётган халқимиз жасоратига бағишланган рамзий кундир. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғдир.
Бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаш, унинг учун курашган ва жон фидо этганларни хотирлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз дейилса, муболаға бўлмайди. Хотира ва қадрлаш куни — бу нафақат уруш қатнашчилари ва фидоийларни ёд этиш, балки ёш авлодни Ватанга садоқат, тарихга ҳурмат ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим босқичидир.
Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг мудҳиш фожиалардан бири сифатида қайд этилади.
Ҳужжатларнинг далолат беришича, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган аҳолимизнинг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.
Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани уларнинг жасоратидан далолат беради.
Ғоят оғир шароитга қарамай, халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани ўз бағрига олиб, меҳр кўрсатган.
– Булар чинакам мардлик ва қаҳрамонлик солномасидир. Бундай мураккаб ва шонли ғалабага муносиб ҳисса қўшган матонатли халқимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Бу қаҳрамонликларни ҳеч қачон унутмаслигимиз, ёшларимизга етказишимиз керак. Айниқса, ҳозирги таҳликали замонда бунинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ҳаммамиз ватан ҳимоясига ҳар куни тайёр бўлишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бир вақтнинг ўзида ўзбек замини эвакуация қилинган минглаб одамларга паноҳ бўлди. Республикага кўчирилган корхоналар фаолияти йўлга қўйилди, болалар уйлари ташкил қилинди, маданият ва маърифат зиёлилари учун шароит яратилди. Бунинг барчаси халқимиз бағрикенглиги, жасорати ва одамийлигида ёрқин намоёни бўлди.
Уруш даҳшатларига гувоҳ бўлган кишиларга эътибор берилса, улар қўлларини дуога очганда юрт тинчлигига, шундай кунларга етиб келганига шукроналик келтиради. Айни пайтда юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги энг катта бойлигимиз эканини, бундай осуда ҳаётнинг қадрига етишни, уни асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлайди.
Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Шу боис ҳар йили май ойида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари билан учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Хотира ва қадрлаш куни — фақат ўтмишни ёдга олиш эмас, балки бугунги кунни, тинчлигимизни, эртанги келажагимизни қай даражада қадрлашимиз, бу йўлда ўз бурчимизга қай даражада содиқлигимизни ҳам кўрсатади. Хотирани асраш, уни эҳтиёт қилиш — бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги ахлоқий бурчимиздир.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
