Бобохоновлар сулоласи бўлимига янги контентлар тақдим этилади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети доцентлари ташриф буюрди. Учрашувда Марказ директорининг биринчи ўринбосари Фирдавс Ҳалимов меҳмонларга бунёд этилаётган марказ биноси ва унинг бой экспозицияси ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
– Қозоғистон билан илмий-маърифий масалаларда ҳам ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. Шунинг учун ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатлар бардавом ривожланмоқда. Остонада улкан масжид барпо этилгани бизни жуда хурсанд қилган. Биз қўшни мамлакатларда бўлган ислоҳотлардан бошимиз кўкка етади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши уларни ҳам бирдай мамнун этади деб ўйлайман. Шунинг учун улар марказни биз билан бирга бунёд этишда елкама-елка бўлишга шай туришибди, – деди Фирдавс Ҳалимов.
Учрашувда меҳмонларга Марказ кутубхонаси ва бўлимлари алоҳида таништириб ўтилди. Марказ экспозициясини бойитиш бўйича қилинаётган ишлар, тузилган илмий-инновацион медиалойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
– Ўзбекистонда бунёд этилаётган ушбу мега иншоот бизни мамнун этди ва ҳайратга солди. Марказ экспозициясини бойитиш учун университетимизнинг олимлар жамоаси сидқидилдан ёрдам беришга тайёр. Бу маърифий маскан нафақат Ўзбекистон учун балки қўшни давлатлар учун ҳам фахр ва ифтихор бўлиб хизмат қилади. Бизда марказга инъом этадиган артефактлар ҳам бор. Уларни мавзулар кесимида экспозицияга тақдим этиш масалаларини келишиб олиш керак, – деди Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети доценти Аскар Акимханов.
Шунингдек, меҳмонлар Марказнинг Бобохоновлар сулоласи махсус бўлими учун янги контентлар тақдим этиш имкони борлигини маълум қилди. Бу борада махсус экспедиция ташкил этилиб, илмий гуруҳ манбаларни тадқиқ этиши кераклиги ҳақида тавсиялар бериб ўтди.
Учрашув давомида меҳмонларга Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар ҳақида ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилишига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
