Кенгайтирилган Илмий кенгашнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Кенгайтирилган Илмий кенгашнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Кенгаш аъзолари, Ишчи гуруҳ раҳбарлари, жумладан, ЎзР ФА вице президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева, академик Акбар Ҳакимов каби бир неча олимлар ҳамда Марказ раҳбарияти ва ходимлар иштирок этди.
Қизғин мунозараларга бой ўтган йиғилишни Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов кириш сўзи билан очиб берди.
Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини бойитиш мақсадида 2025 йил 25 апрелдан 2 майга қадар Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрига қилган хизмат сафари давомида дунёдаги машҳур "Sotheby's" ва "Christie's" аукцион уйларидаги савдоларда иштирок этгани ҳақида ахборот берилди.
Сафар доирасидаги учрашувларда, ташкилий масалаларда Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов, элчихона масъул ходими Жасур Валиев томонидан амалий кўмак кўрсатилганлиги алоҳида қайд этилди.
Хизмат сафари давомида делегация аъзолари иштирок этган “Сотбис” ва “Кристис” савдо уйлари аукционларида кимошди савдосида Ўзбекистон маданий меросига, хусусан, Исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда хонликлар даврига тегишли нодир осори-атиқалар ҳам борлиги маълум қилинди.
Марказ делегацияси иштирок этган машҳур “Сотбис” ва “Кристис” аукционларида ўтказилган Ҳиндистон ва Ислом санъати намуналарига бағишланган савдоларда Бобурийлар даврига оид 2 та ханжар (биттаси қини билан), битта қилич (қини билан), битта қимматбаҳо ханжар дасталари мавжудлиги шулар жумласиданлиги таъкидланди.
– Мазкур савдоларда Ўзбекистон маданий меросига бевосита алоқадор бўлган 60 га яқин лот сараланди. Улар орасида Исломнинг тарқалиш даврига оид 9 та нодир Қуръон фрагмент ва саҳифалари, 3 та Қуръон қўлёзмаси мавжуд. Жумладан, Амир Темур топшириғига асосан хаттот Умар Ақтаъ томонидан кўчирилган улкан Қуръон қўлёзмасининг бир парчаси (Бойсунғур Қуръони) муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, Лондондаги “Кристис” аукционида ҳам савдога қўйилган тарихий экспонатларда қўлёзмалар, миниатюралар, халқ амалий санъати намуналари борлигига гувоҳ бўлдик, – деди Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.
Шу билан бирга, йиғилишда Буюк Британияда истиқомат қиладиган Али Сарухани, Сэм Фогг, Меҳмет Кескинер, Довуд Шоҳ, Билал Сутчи сингари коллекционерларнинг шахсий тўпламларида сақланаётган Ўзбекистонга оид тарихий дурдоналар билан танишиб чиқилгани ҳақида ҳам ахборот берилди. Халилий коллекцияси вакиллари билан халқаро кўргазма бўйича келишиб олингани, қоллекционерлардан ушбу нодир артефактларни Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро кўргазмага олиб келиш юзасидан музокаралар олиб борилгани маълум қилинди.
Алоҳида эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон бундай нуфузли халқаро аукционда биринчи маротаба иштирок этмоқда ва олимларнинг таърифлашича, бу жуда катта тарихий воқелик. Бундай имконият яратилгани учун Марказнинг Илмий кенгаши аъзолари, олимлар Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорчилик изҳор этиб, делегациянинг Буюк Британиядаги самарали ва манфаатли сафарини жуда катта мамнуният билан қарши олдилар. Йиғилишда Марказ экспозицияси учун хорижий музейлардан аукцион орқали танлаб олинган экспонатлар юзасидан академик Акбар Ҳакимов маърузаси ҳам тингланди.
Академик Акбар Ҳакимовнинг сўзларига кўра, хориждаги бундай нуфузли аукционларда иштирок этиш кишига фахр ва ифтихор туйғусини беради.
– Аукцион жараёнлари жуда қизиқ ўтди ва шу билан бирга, жуда ҳам ҳаяжонли. Аукционда Ўзбекистон тарихи, маданиятига доир ноёб, қимматли артефактлар тақдим этилди. Биз артефактларнинг асиллигига, қийматига ва музей учун аҳамиятлилигига эътибор қаратдик. Ушбу 60 га яқин экспонатлар Марказ экспозициянинг бренд маҳсулотига айланиши мумкин, – деди Акбар Ҳакимов.
Буюк Британияда бўлган самарали хориж сафари илмий кенгаш аъзолари томонидан илиқ кутиб олинди. Тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова нуфузли хориж сафарини Ўзбекистон тарихи учун муҳим воқелик дея тарифлади.
– Бу каби аукционларда иштирок этиш Ўзбекистон учун жуда аҳамиятли. Чунки бизнинг тарихимиз ва маданиятимизга алоқадор экспонатлар хорижда кўп ва улар бутун дунё учун қизиқ. Бу каби тадбирларда иштирок эта олмасак, бизнинг нодир ва қимматли осори-атиқаларимизни бошқалар танлаб олишлари мумкин. Давлатимиз раҳбари берган ишонч ва вазифа тўлақонли бажарилмоқда деб ўйлайман, – деди Жаннат Исмоилова.
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов сўзларига кўра, бу каби аукционларда иштироклар сонини кўпайтириш лозим. Олим экспонатлар орасида қимматли ва нодир китоблар – темурийлар даврида кўчиртирилган Қуръони карим нусхалари борлигини алоҳида эътироф этди.
– Марказ экспозицияси учун хорижий музейлардан мамлакатимиз учун қимматли бўлган нодир экспонатлар танлаб олиш тадбирларидаги иштирокни кўпайтириш керак. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси очилгандан сўнг ҳам бу ишни бардавомлигини таъминлаш керак. Марказда ушбу экспонатларни намойиш этадиган алоҳида махсус бурчак ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўлади, – деди Б.Абдуҳалимов.
Йиғилишда марказ экспозицияси учун фойдаланиладиган витриналарни ясаш бўйича “Glasbau Hahn” компанияси раҳбари Эзабел Ҳан тақдимот қилди. Унга кўра, марказ экспозицияси витриналари Германияда фаолият юритаётган “Glasbau Hahn” компанияси томонидан ясалади.
– Компаниямиз ташкил этилганига қарийб 200 йил бўлди. Унга бобом асос солган. Ҳозирга қадар витриначилик бизга авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Компаниямиз томонидан ясалган витриналар дунёнинг нуфузли музейларидан жой олган. Ўзбекистон учун ҳам бир нечта витриналар ясаб берганмиз. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази учун замонавий ва қулай, кўчирса, кенгайтирса ва турли форматларга солса бўладиган витриналарни тақдим этяпмиз. Бунда маҳаллий олимларнинг фикри биз учун қизиқ, – деди Эзабел Ҳан.
Маълумот учун, “Glasbau Hahn” компанияси дунёнинг нуфузли компаниялари орасида эътироф этилган, компания стандартларга кўра жаҳоннинг топ 3 лик компаниялар сафида туради. Йиғилишда кенгаш аъзолари компания вакилларига витриналар ясашда нодир қўлёзмаларга зарар келтирмаслик тартиблари, ноёб экспонатларни сифатли ва хавфсиз сақлашга аҳамият қаратилиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Кенгаш аъзолари томонидан “Glasbau Hahn” компанияси раҳбари Эзабел Ҳаннинг тақдимоти қабул қилинди.
Шунингдек, йиғилишда Исломдан аввалги давр цивилизациялари экспозицияси бўйича “Магистр арт” дизайн компаниясининг тақдимоти, Биринчи Ренессанс экспозицияси “Outdoor factory” дизайн компаниясининг тақдимоти тингланди. Шунингдек, Вақт девори экспозициясининг юқори қисми учун яратилган паннолар ва ИЦМ биноси таркибидаги Анжуманлар зали вестибюли учун яратилиши таклиф қилинаётган маҳобатли рангтасвир концепцияси бўйича масъуллар чиқишлари муҳокама этилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси деворларидан маҳобатли рангтасвир асарлари ўрин олади. Вақт девори экспозициясининг юқори қисми учун яратилган паннолар ва марказ биноси таркибидаги Анжуманлар зали вестибюли учун яратилиши таклиф қилинаётган маҳобатли рангтасвир асари концепцияси каби масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Деворларда акс этадиган маҳобатли рангтасвир асарлари 3 даврни ўз ичига олади. Булар Исломдан аввалги давр, Биринчи Ренессанс даври ва Иккинчи Ренессанс даври ҳисобланади. Рангтасвир асарларида Ўзбекистоннинг машҳур рассомлари иш олиб боришмоқда. Исломдан аввалги даврдаги Қадимги Суғд, Бақтрия, Чоч, қадимги Фарғона сингари юртимиз ҳудудида мавжуд бўлган қадимий давлат тузилмалари, ўша даврларда яшаб ўтган аждодларимизнинг ҳаёти, турмуш тарзи ҳақида барельеф кўринишидаги тасвирий асарлар ишланади.
Даврга мансуб харита, меҳнат қуроллари ва манзара ҳам акс эттирилиши мумкин, деган таклиф илгари сурилди. Биринчи Ренессанс ва Иккинчи Ренессанс даври учун тайёрланадиган маҳобатли рангтасвир асарларида эса Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Баҳовуддин Нақшбанд, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк шахслар қиёфаси гавдалантирилади.
Бу асарлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрувчиларга фақат артефакт ва экспонатларнинг томошаси билан чекланиб қолмай, деворларда акс этадиган маҳобатли рангтасвир асарлари орқали Ўзбекистон тарихи, маданияти, маданий мероси ҳақида муайян тасаввурлар олиш имконини яратади.
Йиғилиш давомида, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг янги логотипи намойиш этилди. Йиғилишда илмий кенгаш аъзолари эътиборига турли кўринишдаги логотиплар тақдим этилди. Улар орасидан бўлажак логотип танлаб олинди. Тавсия қилинган логотипда Марказнинг янги муҳташам биноси ва унинг тепаси узра рамзий маънода нур таралмоқда. У гўёки атрофга Марказдан ислом нури, илм-фан ва зиё тарқатаётганига ишора қилаётгандек. Бирламчи зарурий эҳтиёж юзасидан логотип шакли қабул қилинди.
Йиғилишда шу каби ўнга яқин маслалар муҳокама этилди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
