Ислом цивилизацияси маркази ва Италия мутахассислари экспозиция бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Италиянинг “Magister Art” компанияси вакиллари билан "Биринчи Ренессанс даври" экспозициясининг дизайни ва артефактлар жойлашувига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди. Унда компаниянинг креатив директори Алессандра Костантини, машҳур архитектор Лаура Перетти, Марказ ходимлари ҳамда илмий кенгаш аъзолари иштирок этди.

 

Учрашувда лойиҳа иштирокчилари томонидан экспозициянинг Ислом илмлари, аниқ ва табиий фанлар, Боғдод ва Хоразм Маъмун академиялари каби секторлар, меъморчилик бўлими учун ясаладиган макет муҳокама қилинди.

 

 

Ислом илмлари секторида ҳадис ва сийрат, тафсир, калом, фиқҳ ҳамда тасаввуф каби йўналишларда Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломалар фаолиятини ёритиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 8 та капсула ва уларнинг ичида жойлашадиган артефактлар муҳокама марказида бўлди.

 

 

Дунё бўйлаб маданий ва маърифий тадбирлар, халқаро кўргазмаларни ташкил этиб келаётган Италия компанияси экспозициянинг таркибий қисмлари, унинг визуал ва концептуал мазмунини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар берди. Жумладан, меъморий мерос, санъат намуналари ва илмий кашфиётларни замонавий технологиялар орқали намойиш этиш усуллари кўриб чиқилди.

 

 

“Magister Art” компанияси маданий меросни тарғиб қилиш, кино ва медиамаҳсулотлар яратиш ҳамда машҳур санъат ва илм аҳллари билан ҳамкорлик қилиш борасида катта тажрибага эга.

 

Экспозицияда Биринчи Ренессанс асослари цивилизацион жараёнлар, тарихий шахслар ва оламшумул кашфиётлар орқали ёритилиши назарда тутилган.

 

Маълумот учун, Биринчи Ренессанс даври Аббосийлар, Тоҳирийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар ва Хоразмшоҳлар сулолалари ҳукмронлик қилган тарихий босқичларни ўз ичига олиб, ўша даврга оид энг кўзга кўринган кашфиётлар, бугунгача сақланиб қолган артефактлар ва замонавий дизайн уйғунлиги экспозициянинг бир бўлагига айланади.