Ўзбекистондаги мегалойиҳа контентини бойитиш жараёнлари қизғин давом этмоқда
Бугунги кунда Ўзбекистон илм-фан ва маънавият уйғунлигига асосланган янги босқич сари дадил қадам ташламоқда. Бу йўлда Президент ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – халқимизнинг тарихий хотираси, илмий салоҳияти ва маънавий юксалишининг ёрқин тимсоли сифатида қад ростламоқда.
Мазкур Марказнинг музей фонди ва контентини бойитишга 2000 дан ортиқ олимлар, тарихчилар, санъатшунослар, архившунослар ва диншунослар каби бир қанча мутахассислар жалб этилган. 800 дан ортиқ илмий ва инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилди, .
Марказ штабида ҳар куни муҳим илмий муҳокамалар ўтказилмоқда. Шунингдек, муҳокамалар давомида ишчи гуруҳ раҳбарлари ўзларига юклатилган лойиҳалар бўйича техник топшириқларни келишиб олмоқда. Бу жараён самарадорлигини таъминлаш мақсадида барча иштирокчилар ўртасида тизимли мувофиқлик йўлга қўйилган.
Айни пайтда илмий лойиҳалар натижасида экспозицияларда макетлар, деворий матнлар, интерактив ечимларни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Мутахассислар ҳозирда биринчи босқичдаги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш устида фаол иш олиб бормоқда. Маълумот учун, бу босқич 400 дан ортиқ лойиҳаларни ўзида қамраб олган. Олимлар ва мутахассислар билан 200 дан ортиқ шартномалар имзоланди. Умумий ҳисобда мазкур ишлар уч тоифа асосида гуруҳланган бўлиб, ҳар бир тоифа ўзига хос ёндашув ва ижодий изланишни талаб этади. Шу билан бирга, Марказ ҳуқуқшунослари томонидан ушбу лойиҳалар асосида шартномаларнинг ҳуқуқий намуналари ишлаб чиқилмоқда.
Марказда ўзбек адабиёти ва матбуотининг буюк сиймолари – ўз асарлари билан миллат тафаккурини ўзгартирган шоирлар, ёзувчилар, драматурглар ҳамда журналистлар меросига алоҳида эътибор қаратилади. Улар учун замонавий, инновацион медиа-лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори” экспозициясида 40 га яқин илмий-инновацион медиа-лойиҳаларга алоҳида ўрин ажратилган. Уларда, хусусан, Туркистонда шаклланган жадидчилик ҳаракати, жадидлар мероси ва уларнинг бугунги кундаги долзарб аҳамияти кенг ёритилади.
Марказ ходимлари, етакчи мутахассислар ҳамда Туркиянинг нуфузли қурилиш ва дизайн компанияларидан бири — “Outdoor Fastory” вакиллари иштирокида навбатдаги онлайн учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашув доирасида Марказ биносининг архитектура ечимлари, ички безак ишлари ҳамда техник лойиҳалашга оид масалалар кенг муҳокама қилинмоқда. Жумладан, бино таркибидаги ҳар бир бўлимда бажарилиши лозим бўлган ишларнинг техник деталларига оид томонлар ўзаро фикр алмашмоқда.
Марказ доирасида замонавий кутубхона барпо этилиши ҳам режалаштирилган. Бир вақтнинг ўзида 200 дан ортиқ китобхонни қабул қила оладиган бу билим маскани энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланади. Бу эса илм излаганлар учун янги замонавий муҳит яратишга хизмат қилади.
Хусусан, мегалойиҳа экспозициясини мазмунан бойитиш мақсадида ташкил этилган Махсус штабда бугун ҳам қизғин баҳс ва мунозаралар бўлиб ўтди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – бу келажакка тикилган нигоҳ, бу тарихга бўлган чуқур ҳурмат, бу халқимизнинг ўз илдизига муносиб эҳтиромидир. Бу марказ орқали миллий ғурур уйғонади, тафаккур юксалади ва маънавиятимиз янги босқичга кўтарилиши шубҳасиз.
Бир сўз билан айтганда, Марказда фидокорона меҳнат қилаётган олимлар чин маънода тарихни уйғотмоқда — улар кеча ва бугунни боғлаб, келажак авлод учун бебаҳо маънавий меросни қайта тиклаш йўлида тинимсиз изланмоқда.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
