Ўзбекистондаги мегалойиҳада Исломдан олдинги даврга назар

 

Ўзбекистон ҳудудида Исломдан олдинги даврга оид маданий, тарихий ва маънавий мерос намуналарини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан “Вақт девори” деб номланган ноёб лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

 

Ушбу девор орқали юртимиз тарихининг энг қадимги босқичлари — Исломдан олдинги давр, қадимги шаҳарлар, афсонавий шахслар ва ўша давр маданияти тасвирланиши кўзда тутилган. Бу ташаббус тарихни нафақат ҳужжатлар орқали, балки визуал санъат воситасида ҳам англашга ёрдам беради.

 

 

Жорий ҳафтада “Вақт девори”да акс эттирилиши режалаштирилган асарлар юзасидан кенг кўламли ва қизғин муҳокамалар ташкил этилди. Тарихчилар, санъатшунослар, археологлар ҳамда ижодий жамоа вакиллари иштирок этган мазкур учрашувда асарларнинг тарихий асосланганлиги, эстетик талабларга жавоб бериши ва таъсирчанлиги юзасидан чуқур таҳлиллар ўтказилди.

 

 

 

Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Азамат Ҳотамов лойиҳанинг аҳамияти ҳақида шундай деди:
 

— Деворда шунчаки суратлар ёки белгилар акс этмайди. Унда тўлақонли тарих гавдаланади. Биз тарихчилар билан ҳамкорликда иш юритмоқдамиз. Деворларда хронологик кетма-кетликка асосланган ҳолда бадиий асар яратиляпти. Тарихчилар томонидан лойиҳа доирасида тақдим этилган суратлар таҳлил қилинмоқда ва биз уларни санъат воситасида бойитяпмиз. Натижада мукаммал асар юзага келмоқда. Бу ерда фалсафа, тарих ва ҳақиқат уйғунлашади.

 

 

Муҳокамалар якунларига кўра, “Вақт девори”нинг ҳар бир саҳнаси мазмунан янада бойитилиши, тарихий ҳақиқат асосида ифодаланиши ва кенг жамоатчилик учун ҳам эстетик, ҳам маънавий аҳамият касб этиши таъминланиши кўзда тутилмоқда.