Китобхонлар учун яна бир қулайлик: Мегалойиҳа кутубхонасида махсус мулоқот бўлмалари ташкил этилади

 

 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида замонавий кутубхона бўлиши кўзда тутилмоқда. Мазкур кутубхона сўнгги технологиялар билан жиҳозланади. Бу ердан бир вақтнинг ўзида 200 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин бўлади.

 

Кўпроқ қулайликлар яратиш учун мутахассислар тинимсиз меҳнат қилмоқда. Шунингдек, ушбу кутубхонада болалари билан ташриф буюрган китобхонлар учун ҳам шароитлар мавжуд. Махсус болалар майдончасида болалар хавфсиз дам олишлари, анимацион фильмлар томоша қилишлари мумкин. 

 

Технологиялар ривожланган асрда телефонда мулоқотни чеклаб бўлмайди. Кутубхонада бунда ҳам ечим топилган. Марказ кутубхонасида махсус мулоқот бўлмалари ўрнатилиши режалаштирилган. Замонавий будкаларда китобхонлар бемалол телефонда гаплашишлари ва уларни қувватлашлари мумкин. Мулоқот кутубхонадаги бошқа китобхонларга эшитилмайди.

 

 

Кутубхонада, шунингдек, мўъжаз музей ташкил этилади. Унда кутубхоначилик хронологиясига ҳамоҳанг экспонатлар жойланади. Китоб ва қоғоз ихтиро қилиниши, китоб дастгоҳлари музейнинг қимматли экспонати ҳисобланади. 

 

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг  дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизнинг ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда давом этмоқда.