Ислом цивилизацияси марказида олимлар билан 200 дан ортиқ шартнома имзоланди
Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази нафақат архитектура жиҳатдан ноёб иншоот, балки илмий-маърифий маскан сифатида ҳам юксак эътиборга сазовордир.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу улкан лойиҳа доирасида миллий ва жаҳон тамаддунидаги буюк алломаларнинг илмий меросини тарғиб қилиш, ёш авлодни тарихий ҳақиқатлар руҳида тарбиялаш ҳамда янги тадқиқотлар учун замонавий муҳит яратиш мақсад қилинган.
Марказ экспозициясини мазмунан бойитиш, уни илмий-назарий асосда шакллантириш мақсадида ҳозиргача 200 дан ортиқ олимлар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Булар нафақат индивидуал тадқиқотлар, балки кенг қамровли илмий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган бўлиб, марказнинг интеллектуал салоҳиятини белгилаб беради.
ЎзИЦМ илмий-тадқиқотлар бўйича директор ўринбосари Гулнора Ғаниева мавзу юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан музей экспозицияси учун яратилаётган медиа лойиҳаларнинг биринчи тоифадаги илмий-назарий маълумотлар базаси шакллантирилди. Бу лойиҳа доирасида республикамиздаги ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари ва олимлар томонидан шартномалар имзоланди. Ҳозирда 200 дан ортиқ лойиҳа бўйича шартномалар имзоланган бўлиб, уларнинг молиялаштирилиши ва амалга оширилиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Ушбу лойиҳалар доирасида амалга ошириладиган ишлар асосан илмий-назарий база ҳисобланади. Яъни, ушбу база орқали олимлар ўз ишларини ва лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида яратиладиган экспозициялар, улар учун зарур бўлган экспонатлар, муляжлар, макетлар ҳақида илмий-назарий маълумотларни жойлаштирадилар. Шунингдек, бу илмий-инновацион лойиҳалар асосида турли янги маълумотлар, яъни Ўзбекистонда ёки хорижий фондларда сақланаётган артефактлар ҳам асосий база сифатида хизмат қилади.”
Айни пайтда 10 та йўналиш бўйича 800 дан зиёд лойиҳа устида ишлар олиб борилмоқда. Уларнинг 400 га яқини биринчи босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳаларда замонавий илмий ёндашувлар, рақамли архивлар, 3D муляжлар ва интерактив ахборот тизимлари орқали маълумотлар тақдим этилади. Ушбу ишлар Илмий кенгаш ва Ишчи гуруҳлар билан мувофиқлашган ҳолда олиб борилмоқда.
2025 йил сентябрь ойида расман очилиши кутилётган Марказ нафақат музей, балки тадқиқот ва таълим платформаси сифатида ҳам фаолият юритиши кўзда тутилган. Унда халқаро илмий форумлар, маърузалар, ёшлар учун таълим дастурлари ва семинарлар ташкил этилади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ва маънавий меросини жаҳон миқёсида намоён этишда муҳим қадам бўлади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди