Мегалойиҳани мазмунан бойитиш бўйича ҳамкорлар билан муҳим муҳокама ўтказилди

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини муносиб ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Мегалойиҳа бўлиши кўзда тутилган бинони ички ва ташқи кўриниши, мазмун моҳияти қизғин муҳокамалар бўлган йиғилишда Zoom платформаси орқали қурилиш масъуллари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари ва марказ ходимлари иштирок этди.

 

 

Учрашувда масъуллар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясини шакллантириш бўйича халқаро ҳамкорлар — “Sila sveta”, "Planet 9", "Outdoor Factory", шунингдек, Россия давлат Эрмитаж музейи, Италиянинг "Magister Art" компаниялари ва маҳаллий ташкилотлар билан лойиҳаларнинг техник топшириқлар ижросини таъминлаш масаллари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳамкорлар билан аниқ вазифалар белгилаб олиниши, жараёнларни тезлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

 

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизнинг ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган.

 

Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар давом этмоқда.