Ўзбекистондаги мегалойиҳада улуғ муҳаддисга бағишланган мультимедиа лойиҳа яратилади

 

Буюк муҳаддис ва ислом олами арбоби Абу Исо Термизийга бағишланган янги мультимедиа лойиҳани яратиш режалаштирилмоқда. “Абу Исо Термизий илмий-маънавий мероси” деб номланган лойиҳа орқали Термизий ҳазратларининг бой илмий мероси замонавий технологиялар асосида кенг ёритилади.

 

Лойиҳанинг асосий мақсади Абу Исо Термизийнинг асарларини чуқур ўрганиш, у билан боғлиқ илмий-маънавий фаолиятларни жамлаб, жамоатчиликка интерактив тарзда тақдим этишдир.

 

Мультимедиа лойиҳа доирасида видеороликлар шаклидаги интерактив материаллар, шунингдек, ҳужжатли фильм яратилади. Тайёрланаётган барча материаллар Ислом цивилизацияси марказининг доимий экспозициясидан жой олади. Ташриф буюрувчилар бу интерактив воситалар орқали нафақат маълумот оладилар, балки Термизий ҳазратларининг бой меросини чуқурроқ англаш имконига эга бўладилар.

 

Лойиҳа нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам катта аҳамият касб этади. У Ўзбекистоннинг ислом оламидаги улуғ алломалари меросини асраш ва тарғиб қилиш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлади.