Марказга маҳаллий нодир ашёлар жалб қилинмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган махсус Илмий гуруҳ Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен туманлари музейларига экспедиция уюштирди. Ташриф Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини бойитиш ва янги экспонатлар билан тўлдириш, шунингдек, тарихий аҳамиятга эга объектларнинг музей фондларидан самарали фойдаланиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Экспедиция давомида Оҳангарон туманидаги музейда турли даврларга, жумладан, қадимги ва ўрта асрларга, шунингдек, XX асрга оид экспонатлар мавжудлиги аниқланди. Бунинг натижасида, музей фондидаги ўша даврларга мансуб муҳим ва қадимий экспонатлар сараланди.
Ислом цивилизацияси маркази учун зарур бўлган 10 га яқин экспонатлар танлаб олинди. Музей раҳбари ва илмий ходимлар музей фондида сақланиб келаётган тарихий ва замонавий экспонатлар билан таништирди. Ушбу экспонатлар Оҳангарон туманининг маданияти ва тарихи ҳақида муҳим маълумотлар бериб, мамлакатимиз музейлари учун қимматли хазина эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, экспедиция аъзолари Ангрен шаҳар ўлкашунослик музейида бўлишди. У ердан қиматбаҳо уй-рўзғор ва маиший буюмлар, нодир экспонатлар сараланди. Айни вақтда мутахассислар томонидан ҳудудлар кесимида марказ экспозицияси учун хатланаётган артефактлар рўйхати шакллантирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизни ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар давом этмоқда.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
