Ўзбекистондаги мегалойиҳада илмий-маърифий энциклопедия: “Ўзбекистон – муҳаддислар юрти”

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида навбатдаги муҳим илмий-маърифий лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. “Ўзбекистон – муҳаддислар юрти” номли китоб-энциклопедия тайёрланиши режалаштирилмоқда. Ушбу нашр Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар, уларнинг илмий мероси ва ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаларини чуқур таҳлил этади.

 

Китоб-энциклопедия Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган ва дунё ҳадис илми тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг ҳаёти, илмий фаолияти, асарлари, ҳадислар тўплаш ва ривоят қилиш услубларини ўз ичига олади. Унда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Даримий, Абул-Лайс Самарқандий, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний каби забардаст муҳаддислар ҳақида бой тарихий ва илмий маълумотлар жамланади.

 

Мазкур нашр нафақат босма шаклда, балки замонавий медиа технологиялари асосида мультимедиа экспозицияси тарзида ҳам намойиш этилади. Ташриф буюрувчилар ушбу энциклопедия мазмунини электрон қурилмалар орқали интерактив кўринишда кўриш, матнлар, суратлар, ҳужжатлар ва видео лавҳалар орқали чуқур танишиш имконига эга бўладилар.