Мовароуннаҳр ҳадис мактаблари интерактив харитада!

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Мовароуннаҳр ҳадис мактаби тарихини ёритувчи лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида Шош, Кеш, Термиз, Бухоро ва Самарқанд каби машҳур илмий марказларда шаклланган ҳадис мактаблари интерактив харита орқали тасвирланди. Ушбу харита марказ музейининг экспозициясида кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.

 

Лойиҳа доирасида ҳар бир ҳадис мактабининг шаклланиш тарихи, улкан муҳаддислар фаолияти, илмий анъаналар, асарлар ва ривоят узатиш услублари чуқур таҳлил қилинди. Шунингдек, харитада ҳар бир ҳудудда фаолият юритган машҳур муҳаддислар — Имом Термизий, Имом Бухорий, Имом Даримий, Абул-Лайс Самарқандий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида маълумотлар жойланади.

 

Интерактив харита замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ташриф буюрувчилар экран орқали харитадаги вилоятларни босиб, у ердаги ҳадис мактаблари ҳақида аудио ва видео материаллар, суратлар ҳамда тарихий ҳужжатлар билан танишишлари мумкин бўлади.