“Бурҳониддин Марғиноний илмий-маънавий мероси” мультимедиа лойиҳаси ташкил этилади

 

Ислом оламининг йирик алломаларидан бири — Бурҳониддин Марғиноний ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритишга қаратилган яна бир муҳим ташаббусни босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилмоқда. “Бурҳониддин Марғиноний илмий-маънавий мероси” деб номланган мультимедиа лойиҳаси орқали алломанинг бой илмий мероси кенг жамоатчиликка интерактив шаклда тақдим этилиши кўзда тутилган.

 

Лойиҳа доирасида Марғиноний ҳазратлари билан боғлиқ тарихий қадамжоларни аниқлаш, уларни реставрация қилиш ва ушбу жойларнинг илмий-маънавий салоҳиятини очиб беришга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, алломанинг энг машҳур асари — "Ҳидоя"нинг ислом ҳуқуқи ривожидаги ўрни, унинг илмий қарашлари ва фиқҳий меросини тизимли тарзда ўрганишга доир фаолиятлар жамланади.

 

Мультимедиа лойиҳа доирасида видеороликлар, виртуал экскурциялар, тарихий ҳужжатлар асосида яратилган интерактив контент ҳамда Бурҳониддин Марғиноний ҳаётига бағишланган ҳужжатли фильм ишлаб чиқилади. Тайёрланган материаллар Ислом цивилизацияси марказининг экспозициясига киритилади.