Пойтахт музейларидан Марказ экспозициясига қимматбаҳо тақинчоқлар, қадимий чопон ва нодир маиший буюмлар сараланмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини артефактлар билан бойитиш мақсадида пойтахт музейлари бўйлаб экспедиция ишлари давом этмоқда. Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Ҳамидова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Ўзбекистон давлат санъати ва Ўзбекистон амалий санъат музейларида бўлишди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Ўзбекистон давлат санъати музейидан марказ экспозицияси учун 50 га яқин, Ўзбекистон амалий санъат музейидан 200 га яқин экспонат танлаб олишди.
Дастлаб Ўзбекистон давлат санъат музейи масъул ходимлари билан учрашиб, марказга жалб қилиниши кўзда тутилган экспонатлар билан танишди. Маълум қилинишича, экспонатлар орасида археология йўналишида нодир ашёлар, сопол буюмлар ва бошқа деталлар мавжуд. Шунингдек, рўйхатдан этнография йўналиши – ўзбек халқининг урф-одатлари, турмуш тарзини акс эттирувчи буюмлар, миллий либослар ва асбоб-ускуналар ўрин олган.
Ўзбекистон амалий санъат музейида ишчи гуруҳ аъзолари музей фондида сақланаётган ҳунармандчилик, кулолчилик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, металл буюмлар ҳамда бошқа амалий санъат турларига оид экспонатлар билан танишишди. Уларнинг ҳар бири диний-эстетик жиҳатдан Ислом маданияти билан узвий боғлиқлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилинди. Ишчи гуруҳга Марказ экспозицияси учун музей томонидан тақдим этиладиган экспонатлар тақдим этилди.
Қувонарлиси, экспонатлар орасида нодир санъат асарлари, қадимги археологик материаллар мавжуд. Шунингдек, Бухорода зардўзлик санъатига оид қадимий чопон, қимматбаҳо тақинчоқлар ва нодир маиший буюмлар ҳам мавжуд бўлиб, улар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилишида алоҳида намойиш этилиши кўзда тутилган экспонатлар қаторидан жой олган.
Мазкур экспедициялар Марказда яратилаётган экспозицияларни бойитиш, музейлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиниш мақсадида ташкил этилди. Ишчи гуруҳ аъзолари орасида музейшунослик бўйича юқори салоҳиятга эга мутахассислар мавжуд бўлиб, улар экспонатларни ҳар томонлама ўрганиб, тадқиқ этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизнинг ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
