Ислом цивилизацияси марказида навбатдаги ташаббус: Мовароуннаҳр муҳаддисларига мансуб асарлар каталоги яратилади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан буюк муҳаддислар илмий меросини чуқур ўрганишга қаратилган яна бир муҳим лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Мазкур лойиҳа асосида тарихий манбалар, кутубхона фондлари, музейлар ва архивларда сақланаётган бебаҳо қўлёзмалар таҳлил қилинади ва улар бўйича каталог тайёрланади.
Ушбу каталог Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа Мовароуннаҳр алломаларининг ёзма меросини тизимли тарзда жамлаб, уларнинг ҳадис илмидаги ўрни ва аҳамиятини ёритиб беради.
Каталоглаштирилган маълумотлар замонавий ахборот технологиялари ёрдамида интерактив форматда тайёрланиб, Ислом цивилизацияси марказининг экспозицияси орқали кенг жамоатчиликка тақдим этилади. Ташриф буюрувчилар электрон экранлар орқали ушбу ноёб қўлёзмалар ҳақида маълумот олиши, уларнинг рақамли нусхаларини кўриши ва уламолар ҳаёти билан яқиндан танишиши мумкин бўлади.
Лойиҳа Мовароуннаҳр илмий меросининг дунё миқёсидаги илмий тадқиқотлар учун манба сифатида фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, исломий қадриятларни кенг тарғиб қилиш йўлида муҳим қадам бўлади.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
