Ўзбекистондаги янги кутубхона учун Нидерландия тажрибасидан фойдаланилади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мегалойиҳа кутубхонасининг интерьери, дизайни ва унга техникаларни жойлаштириш масалалари муҳокама этилди. Учрашув аввалида Марказнинг илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи Гулнора Ғаниева бўлимнинг ишчи гуруҳи аъзоларига жараёнларнинг бориши бўйича зарур кўрсатмалар бериб ўтди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева марказ кутубхонасининг интерьери, дизайни ва унга техникаларни жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимот қилди.
— Марказ кутубхонасида Нидерландиянинг кутубхоначилик тажрибасидан кенг ва унумли фойдаланилади. У ердаги кутубхоналарда мавжуд янги ва замонавий ускуналар жалб этилиб, китобхонларга қулай шароитлар яратилади. Телефон хоначалари, аудио-визуал хоналар, китобларни нусхалаш ва кўчириш хоналари шулар жумласидандир. Қувонарлиси, бу ерда инсонлар техникалар ёрдамида ўзларига ўзлари хизмат кўрсатади. Бундан ташқари бўлимда коворкинг маркази, олимлар хонаси, болалар учун махсус хоначалар бўлади. Кутубхонага жалб этиладиган техникалар Марказий Осиёда ягона бўлиши кутилмоқда, — деди Умида Тешабоева.
Тақдимотга кўра, марказ кутубхонаси икки қаватдан иборат бўлиб, унинг дизайнида миллийлик акс этади, интерьерида замонавийлик уйғунлаштирилади. Маълум қилинишича, I босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган 15 та медиалойиҳага яна учта медиалойиҳа қўшилган.
Учрашув давомида Луи Брайль ёзувидаги бўртма нуқтали китобларни чоп этиш ва саралаш масалалари кенг муҳокама этилди. Уларнинг аудио шаклини яратишда нималарга аҳамият бериш бўйича фикр ва мулоҳазалар тингланди. Маълумот учун, марказ кутубхонаси бир вақтнинг ўзида 200 дан ортиқ китобхонга хизмат кўрсатиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизнинг ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
