Мовий осмон рамзидаги деворда ихтиролар креатив акс эттирилади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Биринчи Ренессанс даври экспозицияси доирасида музейлаштириш масалалалари муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда тарих фанлари доктори, профессор Сурайё Каримова, марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров ва бошқалар Италиянинг “Magister Art” компанияси вакиллари билан музокаралар олиб борди.
Учрашувда марказнинг ушбу бўлимини музейлаштириш масалалари кенг муҳокама этилди. Бўлимни илмий, визуал ва технологик жиҳатларини бойитиш масалаларига аҳамият қаратилди.
“Magister Art” компанияси креатив директори Алессандра Костантини Ўзбекистондаги Биринчи Ренессанс даври, олимлар ва уларнинг кашфиётлари борасида маҳаллий олимлар юборган маълумотлар асосида музейлаштириш жараёнлари ҳақида маълумот бериб ўтди.
— Туркиянинг “Илм, фан ва технологиялар” музейида бўлдик. Маълумотлар асосида қурилган музейда қизиқ фактлар кўп аммо экспонатлар кам эди. Шунинг учун ҳам у ерга одамлар жуда кам келишади. Италиядаги “Фан” музейида эса аксинча. Ҳар бир экспонатнинг назарияси эмас, амалий фаолияти акс этган. Биз ҳам марказда ана шу усулни қўлламоқчимиз. Бу ерга ташриф буюрувчилар сиғимини ошириш учун қўлдан келгунча ҳаракат қиляпмиз. Марказ зерикарли маълумот ва фактлардан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Технология ривожланган даврда яшаяпмиз. Бўлимни фактлар билан бойитиш керак бўлса кичик линклар, қодлар ва белгилар остида буларни акс эттириш мумкин бўлади. Биз мовий осмон рамзидаги деворда ихтироларни замонавий ва кретив тарзда жойлаштиришни режа қиляпмиз, — деди компания вакили.
ZOOM платформаси орқали ўтган видеомулоқот қизғин музокараларга бой бўлди. Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизни ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
