Экспедиция хабарлари: Ўзбекистондаги мегалойиҳа учун яна 100 га яқин артефакт саралаб олинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларни бойитиш, уни мазмунан шакллантириш мақсадида Тошкент шаҳри музейлари бўйлаб экспедициялар давом этмоқда.
Марказ томонидан шакллантирилган ишчи гуруҳ аъзолари Сергей Бородин давлат адабий-мемориал уй-музейида бўлишди.
Музей раҳбарияти ишчи гуруҳга уй-музейининг сақлов хонасидаги Сергей Бородиннинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид экспонатлар, унинг адабий мероси ҳақидаги ҳужжатлар билан таништирди.
"Музейдан Марказга жалб қилиш мақсадида 100 га яқин экспонатни рўйхатга олдик. Улар илмий ва маданий ёдгорликлар, қадимий қўлёзмалар, ноёб санъат асарлари, меъморий мерос намуналарининг нусхалари ва бошқа тарихий аҳамиятга эга материаллардир. Археология йўналиши – қадимий даврларга оид ашёлар, сопол буюмларни ўз ичига олади. Бу артефактлар орасида нумизматика йўналишидаги материаллар кўпчиликни ташкил қилади. Турли даврларга оид тангалар, пул бирликлари, молиявий белгилар мавжуд. Музейда этнография йўналиши – ўзбек халқининг урф-одатлари, турмуш тарзини акс эттирувчи буюмлар, миллий либослар ҳам ўрин олган. музейда жами 28710 та экспонат бор. Улар орасида 7500 та қимматли тангалар ва 10 мингдан ортиқ китоблар мавжуд”, — дейди Марказ катта илмий ходими Алишер Эгамов.
Маълумот учун, Сергей Бородин машҳур тарихий романлар муаллифи. Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони билан тақдирланган. 1902 йилда Москвада таваллуд топган. 1974 йил Тошкентда вафот этган. У Чиғатой қабристонига дафн қилинган.
Сергей Бородин тарихий асарлар ёзган. У тарихга, топилмалар йиғишга қизиққан. Унинг уй-музейида ҳам ўзи томонидан йиғилган қимматли артефактлар, нумизматик топилмалар жой олган.
Ишчи гуруҳ ташриф давомида музей фондида сақланаётган Сергей Бородиннинг адиблар, давлат арбоблари ва бошқалар билан ёзишмалари, Хорижий давлатлардан олган ҳадялари, қадимий ҳужжатлар, қўлёзма намуналари ҳам кўздан кечирилди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
