Марказ экспозицияси учун Эрондан 100 дан ортиқ экспонат тақдим этилади

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро алоқаларни самарали йўлга қўйган. Бунга Эрон билан муносабатлар кесимида мисол келтириш мумкин.  Айни кунларда Эрондаги кутубхона ва музейлардан Ўзбекистон маданияти ва тарихига оид артефактлар Марказга жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.

 

28 апрель куни “Темурийлар ва Бобурийлар даври аёллари илмий-адабий маданий мероси” медиалойиҳаси доирасида эронлик темурийшунос олим Амир Темур Рафайи билан ZOOM орқали видеомулоқот ўтказилди.

 

Унда Эрондаги Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид муҳим манбалар муҳокама этилди. Темурийшунос олим маълум қилишича, лойиҳа доирасида олим  ташаббуси билан Марказга 100 дан ортиқ экспонат тақдим этилади.

 

 

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг  дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизнинг ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган.

 

Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.

 

Айни кунларда Марказ қошида тузилган Махсус штабда илмий-инновацион медиалойиҳалар устида ишлар қизғин давом этмоқда. Кунига лойиҳалар доирасида ўнлаб шартномалар имзоланиб, халқаро ва маҳаллий учрашувлар ўтказилмоқда.