Имом Бухорий илмий сафарлари харитаси ва электрон базаси ташкил этилади

 

Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёти ва илмий меросини янада чуқурроқ ўрганиш, кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида яна бир муҳим лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Яъни, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий илмий сафарлари харитаси ва электрон базаси яратилади.


Лойиҳанинг асосий ғояси алломанинг 16 ёшга етганида акаси Аҳмад ва онаси билан ҳаж сафарига чиқиб, Бухородан Макка сари йўл олганини, шунингдек, унинг илм талабида босиб ўтган 14 минг километрдан ортиқ масофасини ҳамда у зиёрат қилган 20 дан зиёд шаҳарни аниқ ва тушунарли тарзда интерактив харита кўринишида акс эттиришдан иборат.


Бу харита орқали Имом Бухорий ҳаёти давомида Қоҳира, Дамашқ, Бағдод, Басра, Куфа, Мадина каби ўша даврнинг энг йирик илм марказларида бўлиб, ҳадис илмини эгаллаш йўлида қилган машаққатли саёҳатлари билан танишиш мумкин бўлади. Ҳар бир шаҳар ва манзилга оид тарихий маълумотлар, сафарнинг илмий ютуқлари ва у ерда учрашган машҳур уламолар ҳақида маълумотлар ҳам электрон базага киритилади.
 
Тайёрланган интерактив харита ва электрон контент Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясида намойиш этилади. Бу нафақат ёш тадқиқотчилар, балки зиёратчилар, талаба-ёшлар ва илм ихлосмандлари учун ҳам қимматли манба бўлади.