“Муғ тоғи ҳужжатларини экспозицияда намойиш этиш” лойиҳаси доирасида қадимий манбалар тақдим этилади

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Муғ тоғи ҳужжатларини экспозицияда намойиш этиш” номли янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичида тарихий аҳамиятга эга бўлган Муғ тоғи ҳужжатлари жамланмоқда. Ушбу ҳужжатлар Самарқанд яқинидаги Муғ қалъа харобаларидан топилган бўлиб, улар милодий VII асрнинг охири – VIII асрнинг бошларига тааллуқли қадимий ёзма манбалардир.


 
Лойиҳада жамланган жами 80 та ҳужжат ичида 74 таси фанда шартли равишда “миллий суғд ёзуви” ёки “Самарқанд суғд ёзуви” деб аталувчи ёзувда битилган. Бу ёзувлар мазмунан ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларни ёритувчи манба сифатида катта аҳамиятга эга. Ушбу ёзувлар орқали ўша давр ҳаёти, бошқарув тизими ҳамда халқаро муносабатлар ҳақида қимматли маълумотларни олиш мумкин бўлади.


 
Лойиҳанинг асосий мақсади – ушбу ноёб ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрлаб, уларни экспозиция шаклида кенг жамоатчиликка тақдим этишдир. Бу ташаббус орқали нафақат ўзбекистонликлар, балки халқаро меҳмонлар ҳам Ислом цивилизацияси марказида қадимий суғд ёзуви ва унинг тарихий аҳамияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар.